Миср ОАВ: Ўзбекистон ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги йил бошидан барқарор ўсишни намойиш этмоқда
Февраль 23, 2026. 11:45 • 2 дақ
• 64
ҚОҲИРА, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Мисрнинг нуфузли “Ал-Дипломаси” ахборот агентлиги ва бошқа қатор нашрларида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тайёрланган Ўзбекистон ҳудудларидаги бизнес фаоллиги таҳлилига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, 2026 йилнинг январь ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда иқтисодий кўрсаткичлар барча йўналишлар бўйича ижобий динамикани кўрсатган. Хусусан, солиқ тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39,2 фоизга ошган бўлса, божхона тўловлари 19,8 фоизлик ўсишни қайд этди. Энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё, Навоий, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида кузатилиб, ўртача 49 фоизни ташкил этган.
Ташқи иқтисодий фаолият йўналишида ҳам салмоқли натижаларга эришилган. Товарлар экспорти 19,5 фоизга ошган бўлиб, Тошкент ва Навоий вилоятлари бу борада етакчилик қилмоқда. Шу билан бирга, тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми ортиб, айниқса Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш кўрсаткичи ўртача 58 фоизга кўтарилган.
Хусусий секторнинг фаол ривожланаётгани янги ташкил этилган корхоналар сонида ҳам акс этмоқда. Жорий йилнинг биринчи ойида республика бўйича 7 116 та янги корхона рўйхатдан ўтказилди. Янги субъектлар сони бўйича Тошкент шаҳри (1 712 та), Тошкент (735 та) ва Самарқанд (610 та) вилоятлари олдинги қаторларда бормоқда.
Миср жамоатчилиги эътиборига ҳавола этилган материалда Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасидаги битимлар ҳажми 1,8 бараварга ошгани алоҳида урғуланган. Сирдарё вилоятида биржа фаоллиги 11,1 бараварга, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида эса ўртача 6,5 бараварга ўсгани мамлакатда ички бозор конъюнктураси нақадар жонланганидан далолат беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
