Logo

“ANKASAM” маркази: Анқара ва Тошкент ўртасида янги ҳамкорлик архитектураси шаклланмоқда

Февраль 11, 2026. 09:45 • 3 дақ

42
“ANKASAM” маркази: Анқара ва Тошкент ўртасида янги ҳамкорлик архитектураси шаклланмоқда

АНҚАРА, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Анқара инқироз ва сиёсий тадқиқотлар маркази “ANKASAM” порталида туркиялик мустақил тадқиқотчи, халқаро муносабатлар бўйича эксперт Гўктуғ Чалишканнинг “Анқара–Тошкент ҳамкорлик линиясида янги саҳифа: Туркия ва Ўзбекистоннинг муштарак нигоҳи” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон–Туркия Президентларининг олий даражадаги дипломатик учрашувлар муҳим аҳамиятга эга. Икки раҳбар раҳбарлигида ўтказилган стратегик муносабатларнинг шахсий дўстликдан икки давлат ўртасидаги институционал шерикликка юксалаётганини намойиш этади.

Учрашувда имзоланган қўшма баёнот – Анқара ва Тошкент ўртасидаги мавжуд кенг қамровли стратегик шериклик даражасини янада мустаҳкамлади. Бу Евросиёнинг марказида янги куч архитектураси шаклланаётганидан далолат беради.

“Саммитнинг энг ёрқин лаҳзаси, расмий учрашувлардан ташқари, Ҳатайда қурилган уй-жойларни топшириш маросимига оид жонли алоқа бўлди. 2023 йилги зилзилалардан сўнг Ўзбекистоннинг юқори даражадаги ҳамжиҳатлиги билан қурилган уй-жойлар – қардошлик алоқаларининг абадий меросига айланди. Бу аниқ қадам икки мамлакат ўртасидаги алоқалар фақат дипломатик алоқалар билан чекланмаганлигини исботлайди. Ушбу лойиҳа давлатлараро муносабатларнинг гуманитар жиҳатини намойиш этади. Бу мустаҳкам механизм томонлар ўртасидаги ишончнинг энг яққол кўрсаткичидир”, дея фикр билдирган муаллиф.

Ўзбекистон Президенти Туркияни “дунёнинг янги геосиёсий куч марказларидан бирига айланаётганини” билдирди. Шавкат Мирзиёевнинг ушбу тавсифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар икки томонлама ўлчов билан чекланмай, глобал даражага кўтарилаётганини кўрсатади. Оддий қилиб айтганда, Анқара энди Тошкент учун ажралмас шерикдир.

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзаро манфаатли шериклик моделига айланди. Анқара Тошкентнинг ислоҳот жараёни ва ривожланиш ташаббусларига фаол ҳисса қўшишга тайёрлигини намойиш этмоқда. Бу ёндашувни туркий дунё ичидаги бирдамликнинг аниқ ўрнаги сифатида талқин қилиш мумкин.

Анқара саммитининг энг муҳим натижаларидан бири – институционал мулоқот механизмларини мустаҳкамлашдир. Тўртинчи Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши вазирликлар ва муассасалар ўртасида мувофиқлаштиришда янги асослар яратди. Сиёсий, иқтисодий ва маданий кун тартибини координация асосида юритишга келишиб олинди. Бу билан давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро яқин муносабатлар бутун давлат тузилмаларигача сингиб борадиган тизимли ҳамкорлик модели шаклланмоқда. Бу муносабатларнинг барқарорлиги учун жуда муҳимдир.

Материалда қайд этилишича, иқтисодий интеграция мақсадлари сиёсий мулоқотнинг энг кучли таркибий қисмидир. Икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 2025 йил охирига келиб 3 миллиард доллардан ошди. Раҳбарлар бу кўрсаткични яқин истиқболда 5 миллиард долларга етказишга келишиб олди. Ушбу мақсадга эришиш учун божхона тартибларини соддалаштириш ва савдодаги тўсиқларни олиб ташлаш режалаштирилган. Иқтисодий муносабатлар мавжуд салоҳиятдан паст бўлмаслигини таъминлаш учун янги рағбатлантириш чоралари билан қўллаб-қувватланади.

Ўзбекистонда турк фирмаларининг стратегик соҳалардаги иштироки янада чуқурлашмоқда. Қурилиш ва пудрат ишларидан ташқари, тўқимачилик, озиқ-овқат ва энергетика соҳаларига ҳам катта инвестициялар киритилмоқда. Ўзбекистон ўзининг бой ер ости бойликларини иқтисодиётга сафарбар этишда турк технологияларига суянмоқда. Турк саноатчилари учун Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни бор – мамлакат бутун Марказий Осиё бозорига очиладиган “индустриал ҳаб” ҳисобланади. Бу хусусиятлар иқтисодий муносабатларни янада барқарорлаштиришга асос бўлиб хизмат қилади.

Энергетика ва тоғ-кон соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам Анқара саммити кун тартибидаги устувор масалалардан бири бўлди. Ўзбекистоннинг олтин, уран ва табиий газ захиралари Туркиянинг хомашё таъминоти хавфсизлиги учун жуда муҳимдир. Имзоланган шартномалар ушбу ресурсларни қўшма лойиҳалар орқали қайта ишлаб, қўшимча қиймат яратишни, глобал бозорларга етказишни назарда тутади.

Транспорт ва логистика Туркия–Ўзбекистон муносабатларининг геосиёсий асосини ташкил қилади. Ўзбекистон – нафақат ўзи, қўшнилари ҳам денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган мамлакат. Ушбу географик ноқулайликни бартараф этиш учун Каспий орқали ўтувчи “Ўрта коридор” муҳим альтернатив ҳисобланади. Туркия ушбу йўлакнинг энг муҳим ғарбий дарвозаси экани ҳисобга олинса, логистика линияларини бирлаштириш орқали икки мамлакат Хитойдан Европага олиб борадиган савдо коридорида марказий рол ўйнаши шубҳасиздир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш