Лаҳорда Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди
Февраль 11, 2026. 09:14 • 2 дақ
• 118
ЛАҲОР, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Лаҳор шаҳрига ташрифи давомида Покистон собиқ Бош вазири, “Покистон мусулмон лигаси – Н” партияси етакчиси Наваз Шариф билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот аввалида Наваз Шариф Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи якунларини юксак баҳолади. У ташриф давомида ўтказилган олий даражадаги музокаралар натижасида эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки ҳамда кўп томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади.
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси, Ватанга бўлган садоқати ва ташаббускорлиги натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатида улкан ютуқларга эришди, – деди Наваз Шариф. Унинг раҳбарлигида Янги Ўзбекистон жадал ривожланмоқда. Мамлакатингиз тарихан қисқа давр ичида жуда жадал суръатларда тараққий этиб, миллий иқтисодиётини мустаҳкамлади ҳамда халқаро майдонда ўз ўрни ва сўзига эга бўлган давлатлар қаторидан муносиб жой эгаллади.
Учрашув давомида олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва саноат кооперацияси йўналишидаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ҳудудлари ва Панжоб вилояти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат тадбиркорларининг бизнес миссияларини уюштириш, тўқимачилик соҳасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда сайёҳлар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
