Ўзбекистон ва ИҲТТ ўртасида англашув меморандуми имзоланди
Февраль 07, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 142ПАРИЖ, 10 февраль. /“Дунё” АА/. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳида “ИҲТТнинг Евроосиё ҳафталиги – 2026” тадбирлари бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳафталикда Ўзбекистон Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича вакили Азизбек Ўрунов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этди. Делегация аъзолари таркибидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев ҳамда республиканинг бошқа давлат идоралари вакиллари ўрни олди.
Тадбирдан кўзланган мақсад – Евроосиё ва ИҲТТ мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, минтақанинг рақобатбардошлиги ва унинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига таъсир кўрсатадиган кенг кўламли масалалар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат бўлди.
Форум доирасида қатор долзарб мавзуларда ялпи мажлислар бўлиб ўтди. Унда вакилларимиз мамлакатимизда очиқ ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш хусусида тўхталиб ўтди.
Форум доирасида Ўзбекистон Ҳукумати ва ИҲТТ ўртасида мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувининг янги босқичини бошлаб берувчи Англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжат инвестиция муҳитини ривожлантириш, рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашиш, яшил энергетика ва бошқа 19 та устувор йўналишни қамраб олган.
Меморандумга кўра, ўзбек бизнеси ИҲТТ таҳлиллари ва энг яхши амалиётларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, бу эса инвесторларнинг рақобатбардошлиги ва ишончини оширади.
Ўзбекистон 50 дан ортиқ давлат томонидан тан олинган ИҲТТнинг Халқаро инвестициялар ва кўп миллатли корхоналар тўғрисидаги декларациясига қўшилиш учун ариза топширди. Бу мамлакатимизнинг глобал рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлаб, инвесторлар учун қўшимча кафолатлар яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



