Ашхободдаги “Тошкент” боғида ўзбек миллий таомлари намойиши бўлиб ўтди
Апрель 20, 2026. 17:40 • 2 дақ
• 94АШХОБОД, 20 апрель. /“Дунё” АА/. Туркманистон пойтахтидаги “Тошкент” истироҳат боғида ўзбек миллий таомларига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Туркманистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ашхобод марказидаги сўлим “Тошкент” боғи ва шу номдаги ресторан нафақат маданий-гастрономик ҳудуд, балки Ўзбекистон ва Туркманистон халқларини боғлаб турувчи кўп асрлик дўстлик, маънавий яқинлик ҳамда муштарак қадриятларнинг ёрқин тимсоли экани алоҳида таъкидланди.
Қардошлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган Ўзбекистон–Туркманистон муносабатлари икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли бугун янги босқичга кўтарилиб, барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг иқтисодий ютуқлари, сайёҳлик салоҳияти ва халқ амалий санъатини намойиш этувчи кўргазмалар ҳам ташкил этилди.
“Тошкент” ресторанида ўтказилган тақдимот меҳмонларга ўзбекона меҳмондўстликни ҳис қилиш имконини берди. Иштирокчилар ўзбек палови, сомса, шўрва ва бошқа миллий таомлар ҳамда ширинликлардан баҳраманд бўлди. Жонли ижродаги ўзбек ва туркман ашула ва рақслари тадбирга байрамона кайфият бағишлади.
Иштирокчилар “Тошкент” сайилгоҳида бу каби маданий тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши мазкур маскан ва ундаги ўзбек миллий таомлари ресторанини нафақат Ашхобод аҳолиси, балки пойтахт меҳмонлари учун ҳам жозибадор ва севимли маданий ҳордиқ манзилларидан бирига айлантиришини эътироф этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



