Японияда Ўзбекистон тоғ-кон саноати илғор технологиялари намойиш қилинди
Октябрь 12, 2026. 18:27 • 2 дақ
• 22ТОКИО, 12 октябрь. /“Дунё” АА/. Японияда фойдали қазилмаларни экологик жиҳатдан барқарор усулда қазиб олиш ва қайта ишлаш, геология-қидирув ишларида масофадан зондлаш технологияларини қўллашга бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“JICA билимни биргаликда яратиш дастурлари” доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Мадагаскар, Мозамбик, Аргентина, Лаос, Сербия, Малави, Намибия, Танзания, Замбия ва Зимбабве вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимидан сўнг иштирокчи мамлакатлар вакиллари тоғ-кон саноатининг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан маърузалар қилди.
Ўзбекистон томони республикада тоғ-кон саноати соҳасида эришилган ютуқлар, минерал-хомашё базаси ва соҳанинг иқтисодий салоҳияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Тақдимотда олтин, уран, мис, литий ва бошқа стратегик муҳим ресурсларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлашни ривожлантириш, саноатни модернизация қилиш, геология-қидирув ишларида масофадан зондлаш усулларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Минерал-хомашё салоҳиятининг мамлакат иқтисодий ўсиши, саноат тараққиёти ва экспорт имкониятларини кенгайтиришдаги аҳамияти қайд этилди. Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор хорижий технологияларни жалб этиш ҳамда геология-қидирув, қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаларида тажриба алмашиш истиқболлари тақдим этилди.
Муҳокамалар жараёнида соҳани нафақат иқтисодий самарадорликни ошириш, балки замонавий экологик талабларга риоя қилиш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва чиқиндиларни қайта ишлашни такомиллаштириш асосида ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистоннинг мазкур дастурда иштирок этиши хорижий ҳамкорлар билан тажриба алмашиш, фойдали қазилмаларни барқарор ўзлаштириш ва соҳани технологик жиҳатдан модернизация қилиш бўйича Япониянинг илғор ёндашувларини ўрганиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

