Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда
Февраль 20, 2026. 15:37 • 2 дақ
• 50
Россияда мигрантлар учун янги қонун қабул қилиниши мумкин
Россия Давлат думасида мигрантларга ижтимоий нафақаларни фақат 20 йил Россияда яшагандан кейин бериш таклиф қилинди. Бу ҳақда “Справедливая Россия” фракцияси раҳбари Сергей Миронов “Gazeta.Ru” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Манба: gazeta.ru
***
Беш давлат Ғазога қўшин юборади
Бешта давлат ўз ҳарбийларини Ғазо секторидаги Халқаро барқарорлик кучларида иштирок этишга жалб қилди. Бу ҳақда ушбу тузилма қўмондони генерал-маёр Жаспер Жефферс Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилишида сўзлаган. Унинг таъкидлашича, дастлаб беш давлат — Индонезия, Марокаш, Қозоғистон, Косово ва Альбания Халқаро барқарорлик кучларида хизмат ўташ учун ўз қўшинларини жалб қилганини эълон қилган. Миср ва Иордания полицияни ўқитиш мажбуриятини олди.
Манба: Reuters
***
Перуда 80 ёшдан ошган сиёсатчи муваққат президент бўлди
Перу Конгресси болалар никоҳини ёқлаб чиққан 80 ёшдан ошган сўл қанот депутати Хосе Мария Балказарни мамлакатнинг муваққат президенти этиб сайлади. У апрель ойида ўтказиладиган умумий сайловларгача давлатни бошқаради. Балказар 2016 йилдан буён Перунинг тўққизинчи президенти бўлди. Кутилмаган сайлов жараёнида у консерватив номзод — Маря дел Кармен Алвани мағлуб этди.
Манба: The Guardian
***
АҚШнинг 13 та штати Трамп маъмуриятини судга берди
АҚШнинг 13 та штати Дональд Трамп маъмуриятига қарши судга даъво киритди. Бунга Оқ уйнинг “яшил” энергия лойиҳалари учун ажратилган 1,2 миллиард долларлик грантларни бекор қилгани сабаб бўлган. Даъво аризаси Калифорния, Колорадо, Вашингтон, Коннектикут, Иллинойс, Мериленд, Массачусетс, Нью Жерси, Нью Йорк, Орегон, Род Айленд, Вермонт ва Висконсин штатлари томонидан киритилган.
Манба: The Hill
***
Буюк Британия қиролининг укаси 12 соатлик сўроқдан сўнг қўйиб юборилди
Буюк Британия қироли Чарлз IIIнинг кичик укаси Эндрю Маунтбеттен-Виндзор 19 феврал куни америкалик молиячи Жеффри Эпштейн билан алоқалари бўйича олиб борилаётган тергов фонида қўлга олинган эди. Ўша куни кечаси у қарийб 12 соатлик сўроқдан кейин полиция бўлимидан озодликка қўйиб юборилган. Полиция баёнотига кўра, Эндрю расмий лавозимларда бўлган даврида ўз мавқеини суиистеъмол қилган бўлиши мумкин, деб гумон қилинмоқда. Аввалроқ Эндрю Эпштейн билан яқин алоқалари ҳақидаги маълумотлар маълум бўлганидан кейин шаҳзода унвонидан маҳрум этилган.
Манба: Deutsche Welle
***
Ғазодаги қурбонларнинг ҳақиқий сони расмий статистикадан анча кўп
Нуфузли The Lancet Global Health журналида эълон қилинган янги тадқиқотга кўра, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлари бошланганидан бери ўтган биринчи 16 ой давомида “зўравонлик билан боғлиқ ўлимлар” сони 75 мингдан ошган. Бу ўша даврдаги расмий статистикадан сезиларли даражада юқоридир.
Манба: Middle East Eye
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
