Ўзбекистон ва Қозоғистон юк ташиш ҳажмини 60 миллион тоннага етказмоқчи
Февраль 20, 2026. 14:48 • 1 дақ
• 67
ОСТОНА, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Қозоғистон ва Ўзбекистон темир йўл орқали юк ташиш ҳажмини янада ошириш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича келишувга эришди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Казинформ” халқаро ахборот агентлиги маълумотига таяниб.
Икки мамлакат транспорт вазирларининг учрашуви Қозоғистон Президентининг транзит салоҳиятини ошириш ва транзит ташувлари ҳажмини 55 миллион тоннага етказиш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида бўлиб ўтди. Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги темир йўл алоқасининг стратегик аҳамиятини, унинг минтақавий транспорт интеграциясидаги асосий ролини алоҳида қайд этди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги темир йўл ташувлари ҳажми 32,3 миллион тоннани ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 16 фоизга ошган. Барқарор ўсишни таъминлаш мақсадида “Сариағаш”, “Оазис” ва “Сирдарё” туташ нуқталарида инфратузилмани ривожлантиришни кўзда тутувчи қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Режага мувофиқ, “Оазис” орқали поездлар қатнови суткасига иккитадан ўнтагача етказилади. Шунингдек, “Дарбаза – Мақтаарал” темир йўл участкасининг қурилиши якунлангач, “Сирдарё” туташув пункти орқали ҳам суткасига ўнта жуфт поезд ҳаракати таъминланади.
Музокаралар давомида инфратузилмавий ва таъмирлаш ишларини синхронлаштириш, назорат жараёнларини такомиллаштириш ва технологик ҳамкорликни оптималлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу чора-тадбирлар Марказий Осиёдаги йирик транспорт коридорларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
