Logo

Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Февраль 23, 2026. 12:56 • 3 дақ

21
Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Ким Чен Ин президентликка қайта сайланди

Кеча Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Меҳнат партияси бош котиби лавозимига қайта сайланди. Бу ҳақда Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги хабар берган. Сайлов Пхеньянда бўлиб ўтган Корея Меҳнат партиясининг тўққизинчи съезди давомида ўтказилган. Қурултой ҳар беш йилда бир марта ташкил этилади. Унда Марказий қўмита аъзолари ҳам сайланади ва партия низомига айрим ўзгартиришлар киритилади.

Манба: Kcna Watch

***

Россияда ватандошимиз 7-қаватдан тушиб кетган болакайни қутқариб қолди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида кўп қаватли уйдан қулаган болани ўзбекистонлик фуқаро қутқариб қолди. Петрозаводская кўчасидаги кўп қаватли уйнинг 7-қаватида очиқ дераза ёнида планшет ўйнаётган етти ёшли бола мувозанатни йўқотиб йиқилиб тушган, бироқ карнизни ушлаб қолган. Кўчани тозалаётган Ўзбекистон фуқароси уни пайқаб, деразадан узоқлашишни сўраган. Аммо бола карнизни ушлаб туролмай, қўлларини қўйиб юборган ва пастга тушиб кетганида қтандошимиз уни тутиб қолган.

Манба: 78.ru

***

Мисрга кириш визаси нархи кўтарилади

Мисрга кириш визаси нархи шу йил 1 мартдан бошлаб оширилади. Бу ҳақда мамлакат Туристик компаниялар ва агентликлар палатаси хабар берган. Визалар нархи 25 доллардан 30 долларгача кўтарилади. Ушбу чора сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ва Миср сайёҳлик йўналишининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган. Ўзгариш фақат Қоҳира ва Хургада аэропортлари орқали келадиган сайёҳларга таъсир қилади. Шарм аш-Шайх меҳмонлари учун 15 кунлик бепул “Синай муҳри” сақланиб қолади. Аммо ҳудуддан ташқарига чиқишда виза учун тўлов қилиш керак бўлади.

Манба: Cаirо 24

***

Трамп қароргоҳига кирмоқчи бўлган киши отиб ўлдирилди

АҚШ Махфий хизмати 20 ёшли эркакни Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳи ҳудудига рухсатсиз киришга урингани учун отиб ўлдирди. Ҳодиса вақтида қароргоҳда ҳеч ким бўлмаган, Президент Дональд Трамп Вашингтонда бўлган. Бу ҳақда АҚШ Махфий хизмати матбуот котиби Энтони Гульельми Х ижтимоий тармоғида хабар берган. Ҳалок бўлган шахснинг исми ошкор этилмаган, унинг 20 ёшда экани маълум. Баёнотда айтилишича, у қароргоҳнинг шимолий дарвозаси яқинида милтиққа ўхшаш буюм ва ёқилғи билан пайқаб қолинган.

Манба: Энтони Гульельми

***

Эрон Россиядан зенит-ракета комплекслари ва минглаб ракеталар сотиб олади

Эрон Россиядан 500 та “Верба” мобил учириш қурилмаси ва тахминан 2 500 та 9М336 туридаги кўчма зенит ракетасини харид қилади. битим қиймати 500 миллион еврога баҳоланмоқда ва етказиб бериш уч йил давомида амалга оширилади. Тегишли шартнома Москва ва Теҳрон ўртасида 2025 йил декабрь ойида имзоланган. 

Манба: Financial Times

***

Мексикада машҳур наркобарон “Эл Менчо” ўлдирилди

Мексикада узоқ вақт қидирувда бўлган “Халиско янги авлод” наркокартели раҳбари Немесио Осегера Сервантес (лақаби “Эл Менчо”) ҳарбий операция чоғида ўлдирилди. Операция мамлакат ғарбидаги Тапалпа шаҳрида ўтказилган. “Эл Менчо” касалхонага олиб кетилаётган вақтда олган жароҳатларидан вафот этган. Наркокартелнинг яна тўрт аъзоси ҳалок бўлган, икки нафари оғир яраланган. Ҳарбийлар орасида уч киши жароҳат олган. “Эл Менчо” 59 ёшли собиқ полициячи ҳисобланади. У АҚШга йирик миқдордаги кокаин, метамфетамин ва фентанил контрабандаси учун масъул бўлган кучли жиноий ташкилотни бошқарган. АҚШ унинг қаердалигини аниқлашга ёрдам берадиган маълумот учун 15 миллион доллар мукофот эълон қилган эди.

Манба: BBC

***

АҚШ Ғазода йирик ҳарбий база қурмоқчи

Трамп маъмурияти Ғазо секторида 350 акр майдонда 5000 кишилик ҳарбий база қуришни режалаштирмоқда. Ушбу мажмуа келгусида шакллантириладиган, кўп миллатли, тўлиқ кўнгиллилардан тузиладиган Халқаро барқарорлаштириш кучлари учун ҳарбий амалиёт базасига айланиши кутиляпти. Истеҳком Ғазо сектори жанубидаги қурғоқчил текисликда қад кўтаради.

Манба: Gvardian

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш