Покистон ОАВ: Ўзбекистон ҳудудларининг бизнес фаолиятининг кўрсаткичлари мониторинги барча асосий мезонлар бўйича ўсишни қайд этди
Февраль 23, 2026. 12:44 • 2 дақ
• 53ИСЛОМОБОД, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи босма ва электрон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон жамиятида кечаётган ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий йўналишлардаги ислоҳотлар натижаларини кенг ёритмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жумладан, мазкур мамлакатнинг «DNА News» ахборот агентлиги, «Islamabad Post», «Daily Independent», «Daily Spokesman», «Daily Ittihat» ва «Sub News» газеталари, «Сentreline» журнали, «The gulf Observer», «The World News», «Diplomatic Affairs», «MNN News.online», «The Diplomatic Insight», «Infora News», «News Network Pakistan» ва бошқа етакчи электрон нашрларда «Йил Ўзбекистон ҳудудлари бизнес фаолиятининг барқарор ўсиши билан бошланди – CERR» сарлавҳали мақолалар эълон қилинди.
Нашрларда ёзилишича, Ўзбекистон ҳудудлари бўйича бизнес фаолиятининг асосий кўрсаткичлари комплекс мониторинги барча асосий мезонлар бўйича ўсиш қайд этилганини кўрсатмоқда.
Маълум қилинганидек, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида бизнес фаолияти юзасидан доимий мониторинг олиб борилмоқда.
«Жорий йилнинг январь ҳолатига кўра, солиқ тушумлари барқарор ижобий динамикани намоён этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39,2 фоизга ошди. Тушумлар ўсишининг энг юқори кўрсаткичлари Сирдарё, Навоий, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилди — мазкур ҳудудларда ўсиш суръатлари ўртача қарийб 49 фоизни ташкил этди. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумлари 15,1 фоизга, мол-мулк солиғи 19,6 фоизга, ер солиғи эса 20,3 фоизга ошди», – дейилган манбаларда
Қайд этилишича, божхона тўловлари йиллик ҳисобда 19,8 фоизга кўпайди. Энг юқори ўсиш суръатлари Навоий, Жиззах ва Наманган вилоятларида кузатилиб, ўртача қарийб 67 фоизни ташкил этди.
Ташқи иқтисодий кўрсаткичлар таҳлилига кўра, товарлар экспорти ҳажми 19,5 фоизга ўсди. Экспорт етказиб бериш ҳажмининг энг катта ўсиши Тошкент ва Навоий вилоятларида кузатилиб, ўртача 47 фоизни ташкил этди.
Покистон ОАВда эълон қилинган материалларда, шунингдек, хусусий секторнинг фаол ривожланиши янги рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик субъектлари сонининг сезиларли ошгани маълум қилинган. «Хусусан, 2026 йил январь ойида жами 7 116 та янги корхона рўйхатдан ўтказилди. Янги бизнес субъектларининг энг кўп сони Тошкент шаҳрида (1 712 та) қайд этилди. Вилоятлар кесимида етакчилар сифатида Тошкент вилояти (735 та), Самарқанд вилояти (610 та) ва Хоразм вилояти (550 та) қайд этилди», – деб таъкидланган нашрларда.
Бундан ташқари, мақолаларда биржа фаоллиги Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ўсгани, хусусан, Сирдарё вилоятида фаоллик 11,1 баробарга ошгани урғуланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




