Чимкентда ҳамюртлар учун сайёр консуллик қабули бўлиб ўтди
Февраль 26, 2026. 14:31 • 54 сония
• 63
ЧИМКЕНТ, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри, Жамбил ва Туркистон вилоятларида вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари учун навбатдаги сайёр консуллик қабули ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари томонидан ташкил этилган ушбу тадбир давомида жами 250 га яқин ватандошимизга бевосита консуллик ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди.
Мурожаатларнинг асосий қисми паспорт тизими, фуқаролик масалалари ва ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ бўлди. Хусусан, 25 нафар фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришда кўмаклашилган бўлса, 29 кишига Ўзбекистондан зарур ҳужжатларни талаб қилиб олиш бўйича амалий ёрдам берилди.
Қабул жараёнида фуқароликка мансубликни аниқлаш ва фуқароликдан чиқиш масалалари бўйича 107 нафар, Ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш юзасидан 23 нафар ҳамюртимизнинг мурожаати қаноатлантирилди. Қолган фуқароларга эса Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар ва турли ҳуқуқий масалалар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Ватандошларимиз давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу каби ғамхўрлик ва қулайликларни юқори баҳолаб, сайёр қабулларни мунтазам равишда ташкил этиш борасидаги истагини билдирди.
Бу каби тадбирлар хориждаги ҳамюртларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг муаммоларини тезкор ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
