Тожикистондаги музейда Aмир Темур ҳаётига бағишланган ноёб қадимий қўлёзма сақланмоқда
Февраль 26, 2026. 14:36 • 2 дақ
• 55
ДУШАНБЕ, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Тожикистондаги элчихонаси дипломатлари ушбу давлатда сақланаётган Амир Темур ва темурийлар даврига оид китоблар ва қўлёзмалар ҳамда ушбу давр санъати, меъморчилиги ва миниатюраларига оид экспонатларни ўрганди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, Тожикистон Миллий университети музейида Aмир Темур ҳаётига бағишланган “Маноқиби Aмир Темур Соҳибқирон” номли ўзбек (туркий) тилида ёзилган ноёб қўлёзма сақланмоқда.
Университет профессори Бадриддин Мақсудовнинг сўзларига кўра, “Маноқиби Aмир Темур Соҳибқирон” (“Aмир Темурнинг мақтовга сазовор фазилатлари”) китоби Темур ҳақидаги энг қадимги туркий қўлёзма бўлиши мумкин. Ушбу китоб “Темур тузуклари”, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” каби машҳур тарихий асарлар, Мирхонд ва Хондамир ижод намуналаридан олдин ёзилгани айтилади.
Тарихий китоб Амир Темурнинг туғилишидан тортиб, жанг саҳналари ва шайхларга тегишли мўъжизаларни тасвирлайди ҳамда халқ афсоналари билан чамбарчас боғлиқ тарихий маълумотларни ўз ичига олади. Матнда Амир Темурнинг замондошлари бўлмаган қаҳрамонларнинг мавжудлиги ривоятларга фольклор элементларининг киритилганини англатади.
Қўлёзма сўнггида 1618 йил июнь–июль ойларига тўғри келувчи ҳижрий 1027 йил ражаб ойи кўрсатилган бўлиб, ҳужжатнинг нусха бўлиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, тадқиқотчилар асл нусха анча олдин ёзилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.
Қўлёзмани атрофлича тадқиқ этиш шубҳасиз, Aмир Темур даври ва Марказий Осиё тарихини англашга катта ҳисса қўшади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
