Logo

“Daily News Hungary”: 2025 йил Ўзбекистон ташқи сиёсатида сифат жиҳатидан янгилаш ва мустаҳкамлаш босқичи бўлди

Январ 07, 2026. 12:44 • 2 дақ

276
“Daily News Hungary”: 2025 йил Ўзбекистон ташқи сиёсатида сифат жиҳатидан янгилаш ва мустаҳкамлаш босқичи бўлди

БУДАПЕШТ, 7 январь. /“Дунё” АА/. Венгриянинг нуфузли “Daily News Hungary” нашрида “Янги Ўзбекистон дипломатияси: 2025 йил якунлари — барқарорлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўли” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“2025 йил Ўзбекистон учун ташқи сиёсий позицияларини сифат жиҳатидан янгилаш ва мустаҳкамлаш босқичи бўлди. Геосиёсий кескинлик ортиб бораётган, глобал институтлар трансформацияга учраётган ҳамда ресурслар ва бозорлар учун рақобат кучайган мураккаб халқаро вазиятда Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида изчил равишда очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб борилди,  деб ёзган муаллиф.

Айнан шундай ёндашув ташқи алоқалар барқарорлигини сақлаб қолиш билан бирга, уларга мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига ва ички ривожланиш вазифаларига мос келадиган янги мазмун бағишлаш имконини берди”.

Нашрда қайд этилишича, Янги Ўзбекистоннинг дипломатик стратегияси мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг узвий қисми сифатида иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестициялар ва хорижий сайёҳларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда гуманитар ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун қулай ташқи шароитларни шакллантиришга қаратилди. Ташқи сиёсий курс асосида доимо очиқлик, тенг ҳуқуқли шериклик, ўзаро ҳурмат, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилиш тамойиллари ётди.

Олий даражадаги сиёсий мулоқот жаҳон етакчилари билан янги босқичга кўтарилди. АҚШ, Хитой, Россия, Франция, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Малайзия ва қатор араб давлатлари раҳбарлари билан янги келишувларга эришилди. 2025 йилда давлат ва ҳукумат раҳбарлари даражасидаги икки томонлама учрашувлар сони 55 тадан ошди, бу хорижий ҳамкорлар билан ўзаро ишонч ортганидан далолат беради.

Бундан ташқари мақолада таъкидланишича, Марказий Осиё анъанага кўра, Ўзбекистон ташқи сиёсий стратегиясида алоҳида ўрин эгаллайди. 2025 йилда ушбу устувор йўналиш янада институционал ривожланишга эга бўлди. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига раислик қилди ва илк бор ушбу раислик алоҳида комплекс дастур асосида амалга оширилди. Унинг доирасида иқтисодий ҳамкорлик, транспорт боғлиқлиги, экология, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва гуманитар алмашинув масалалари қамраб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш