Logo

“London Post”: Ўзбекистон Президенти Мурожаатномада мамлакат тараққиётининг стратегик устувор йўналишларини белгилаб берди

Январ 04, 2026. 10:00 • 3 дақ

347
“London Post”: Ўзбекистон Президенти Мурожаатномада мамлакат тараққиётининг стратегик устувор йўналишларини белгилаб берди

ЛОНДОН, 4 январь. / “Дунё” АА/. Буюк Британиянинг машҳур “London Post” ахборот порталида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматовнинг “Дунё” ААга берган интервьюси эълон қилинди.

“London Post”да берилган мақолада таъкидланишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида асосий эътибор мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли фаровонлигини ошириш ва миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини кучайтириш масалаларига қаратилган. Ўзбекистон раҳбари бугун айнан иқтисодиёт, ривожланиш барқарорлиги ва ўсиш сифати мамлакатнинг ҳам ички, ҳам ташқи имкониятларини белгилаб беришини аниқ таъкидлади.

Акрамжон Неъматовнинг фикрича, мураккаб ва парчаланган ташқи муҳитга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Жорий йилда мамлакат тарихида илк бор ЯИМ ҳажми 145 миллиард АҚШ долларидан ошди, ҳолбуки, бор-йўғи тўққиз йил аввал 100 миллиард долларлик маррага эришиш жуда юқори кўрсаткич сифатида қабул қилинган эди. Шу билан бирга, глобал таъминот занжирларидаги узилишларга қарамасдан, экспорт 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етди. 2025 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш 85 миллиард киловатт-соатни ташкил этди, олтин-валюта захиралари эса 60 миллиард доллардан ошди. Жорий йилда мамлакат иқтисодиётига 43,1 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди ва натижада инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши 31,9 фоизга етди, бу эса инвестицион жозибадорлик ортиб бораётганидан далолат беради.

Шу муносабат билан эксперт юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш сўзсиз устувор вазифа бўлиб қолишини, бироқ асосий урғу миқдорий кенгайишдан технологик ва инновацион ривожланиш моделига ўтаётгани принципиал аҳамиятга эга эканини қайд этди. Гап билим, инновация ва юқори технологияларга асосланган иқтисодиётни шакллантириш, саноатни модернизация қилиш, рақамли иқтисодиёт, илмий тадқиқотлар ва технологиялар трансферини ривожлантириш ҳақида бормоқда. Мутахассис таъкидлаганидек, “инновацион иқтисодиёт узоқ муддатли рақобатбардошликни таъминлайди ва хомашё боғлиқлигини камайтиради, бу эса глобал беқарорлик шароитида ниҳоятда муҳим”.

Ўзбекистон Президенти белгилаб берган яна бир стратегик устувор йўналиш — ички талабни рағбатлантиришдир. Экспертнинг сўзларига кўра, ички бозорни ривожлантириш барқарор ўсишнинг асосий манбаи сифатида қаралмоқда. Бу аҳоли даромадларини ошириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда молиявий инструментлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни ўз ичига олади. Айнан ички талаб барқарор ривожланиш манбаларини яратади ва иқтисодиётни ташқи зарбалардан ҳимоя қилади.

Акрамжон Неъматовнинг қайд этишича, касбларни ривожлантириш ва меҳнат бозорининг янги архитектурасини шакллантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент касбий таълим тизимини модернизация қилиш, янги компетенцияларни ривожлантириш ва замонавий иқтисодиёт талабларига жавоб берадиган мослашувчан, адаптив меҳнат бозорини шакллантириш вазифаларини белгилаб берди. Меҳнат бозори ва касблар ХХI асрнинг асосий ресурси бўлган инсон капитали сифатини белгилайди.

Шу билан бирга, экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муҳим йўналиш сифатида белгиланди. Барқарор ривожланишга ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, энергия ва сув самарадорлигини ошириш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш стратегик вазифалар сифатида кўрилмоқда. Экология ва “яшил” энергетика бугун миллий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш омили ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш