“Dawn”: Ўзбекистон қишки саёҳат саргузаштларини излаётган сайёҳлар учун жозибадор маскан
Январ 04, 2026. 10:00 • 4 дақ
• 995
ИСЛОМОБОД, 5 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “Dawn” газетасида “Қорли чўққилар ва Ипак йўли сирлари: Ўзбекистон бўйлаб қишки саёҳат” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Одатда, Шарқий Осиёдаги машҳур йўналишлар ўз жозибасини сақлаб қолаётган бўлса-да, сўнгги йилларда Ўзбекистон қишки саёҳат саргузаштлари ва чуқур исломий тарих уйғунлигини излаётган сайёҳлар учун жозибадор муқобил сифатида намоён бўлмоқда, – дейилади нашрда. – Кўплаб сайёҳлар қишки таътилни тоғ ён бағрида, гўзал табиат қўйнида ўтказишни хуш кўради. Ана шундай тажриба учун Ўзбекистон тобора оммалашиб бормоқда. Марказий Осиёга дарвоза бўлган Ўзбекистон бугун ҳар қачонгидан ҳам машҳур бўлиб, қишки саёҳат давомида ҳам маданий яқинликни, ҳам географик жиҳатдан ҳайратланарли манзараларни тақдим этади”.
Мақолада маълум қилинишича, қишки саёҳатни хуш кўрувчилар учун асосий диққатга сазовор маскан – Ўзбекистондаги энг йирик чанғи курорти бўлган Амирсой тоғ-чанғи мажмуасидир.
Ғарбий Тянь-Шан тоғларида, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Чотқол тоғ тизмаси этакларида жойлашган ушбу курорт Тошкентдан бор-йўғи бир соатлик йўлда жойлашган. Улуғвор тоғ тизмалари, баланд чўққилар, мусаффо ҳаво, оппоқ қорлар билан қопланган табиат манзаралари гўзал манзарани ҳосил қилади ва бу жиҳатлар Амирсойнинг нега сайёҳларни ўзига фаол жалб этаётганини яққол намоён қилади.
“Амирсойда юқори тезликда ҳаракатланувчи канат йўллари мавжуд бўлиб, улар меҳмонларни 2 минг 290 метр баландликка олиб чиқади. Оилалар учун махсус тюбинг ва чанғида учиш майдонлари ташкил этилган бўлиб, улар ҳеч қандай тажрибани талаб қилмайди, аммо қорда мароқли дам олиш имконини беради”, – дея эътироф этган муаллиф.
Мақолада Ўзбекистон пойтахтининг қадимий ва замонавий қиёфасига батафсил таъриф берилган.
Муаллифнинг ёзишича, Тошкент кенг хиёбонлари ва ҳатто совуқ ойларда ҳам кўзга ташланадиган кўкаламзорлиги билан ажралиб турадиган шаҳардир. У қадимий тарих ва замонавий ҳаёт кесишган нуқта сифатида сайёҳлар учун Ўзбекистондаги асосий манзиллардан бири ҳисобланади.
“Тошкент метрополитени, албатта, ташриф буюришга арзийдиган жой. Мармар билан безатилган, қандиллар ва нозик мозаикаларга бой бекатлар оддий сафарни “ер ости музейи”даги сайрга айлантиради. Шаҳарнинг эски қисмида жойлашган Ҳазрати Имом мажмуаси мақбаралар, масжидлар ва кутубхоналарни бирлаштириб, кўк гумбазлари билан ажралиб туради. Бир вақтлар дунёдаги энг қадимий Қуръон — Усмон мусҳафи шу ерда сақланган. Бугун эса у Ўзбекистоннинг исломий мероси ва жаҳон цивилизациясидаги ўрнига бағишланган замонавий маданий марказ – Ислом цивилизацияси марказида қўйилган. Яқин атрофдаги Чорсу бозори эса харидингиз учун энг маъқул жой”, – деб ёзилган манбада.
Мақолада Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги муҳим маълумотлар ҳам муштарийлар эътиборига тақдим этилган.
Муаллиф таъкидига кўра, Ўзбекистонга саёҳат “Афросиёб” тезюрар поездига чиқмасдан мукаммал бўлмайди. Бор-йўғи икки соат ичида сиз Тошкентдан ўқувчилик даврингизда тарих китобларида ўқиган қадим Самарқанд шаҳрига етиб борасиз.
“Регистон – Самарқанднинг юраги, улуғвор Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларидан иборат бетакрор тарихий мажмуа. Бу мажмуа ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси сифатида тан олинган ҳамда Марказий Осиё ислом меъморчилигининг рамзи ҳисобланади. Регистонда энг яхши суратларни олиш учун эрталаб соат 7 да ёки кечқурун соат 19 атрофида ташриф буюриш тавсия этилади – шу пайтда фирузаранг гумбазлар олтинранг нурларда ёрқин товланади. Қишки мавсумда Регистон майдони айниқса сокин ва таъсирчан бўлади.
Самарқанддаги Шоҳи Зинда ансамбли, Амир Темур ва Темурийлар дафн этилган жой – Гўри Амир мақбараси ҳам ўзининг бетакрор нақшлари ва кўриниши билан ҳар қандай сайёҳни ҳайратга солиши аниқ”, – дейилади материалда.
Покистон ОАВнинг ёзишича, мусулмонлар учун Самарқанднинг ҳақиқий маънавий маркази – Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасидир. Энг ишончли ҳадислар тўпламини жамлаган улуғ муҳаддиснинг охирги манзили бўлган бу жой чуқур маънавий аҳамиятга эга зиёратгоҳ ҳисобланади.
“Бухоро – Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёнинг маънавий маркази. Бой исломий мероси билан машҳур бўлган, “очиқ осмон остидаги музей” дея аталадиган Бухоро асрлар давомида мусулмон олами учун муқаддас маскан бўлиб келган. Арк қалъаси ва эски шаҳарнинг тор кўчалари бўйлаб юриш ёки ҳатто XII асрда босқинчилар ҳам вайрон қилишга журъат этмаган Калон минораси пойида туриш Ипак йўлининг қанчалик улуғвор бўлганини чуқур ҳис этишга имкон беради”, – деб ёзилган мақолада.
Таъкидланишича, Бухоро ҳунармандчилик буюмларини харид қилиш учун мамлакатдаги энг яхши манзил ҳисобланади. XVI асрга оид савдо гумбазларида ҳанузгача қадимий касбларни давом эттираётган усталарни учратиш мумкин: олтин зардўзлик, қўлда тикилган сўзани, қуш шаклидаги машҳур қайчилар ва юқори сифатли икат ипак матолари шулар жумласидандир. Бухоро нафақат нодир совғалар хазинаси, балки асрлар давомида деярли ўзгармаган исломий тарих билан чуқур боғланиш имконини ҳам тақдим этади.
Мақола қуйидаги сўзлар билан якунланган: “Аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган Ўзбекистонда ҳалол таом топиш жуда осон. Сайёҳлар кўпинча улкан қозонларда ёғ, пиёз, қўй ва мол гўшти, сабзи ҳамда гуручдан тайёрланадиган миллий таом – паловни танлайди. Сомса, мастава ва шўрва каби ўзбек миллий таомлари ҳам кун давомидаги қишки саёҳатдан сўнг тановул қилиш учун зўр танловдир”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси