Ўзбекистон делегацияси Финляндиянинг ижтимоий ҳимоя тизимини ўрганди
Июнь 07, 2026. 15:18 • 3 дақ
• 16ХЕЛЬСИНКИ, 7 июнь. /“Дунё” АА/. Элчихона кўмагида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги делегациясининг Финляндияга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташрифнинг асосий мақсади Финляндиянинг ижтимоий ҳимоя, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, таълим, ҳуқуқий хизматлар, маҳаллий бошқарув ва давлат хизматчилари малакасини ошириш соҳаларидаги илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда икки томонлама ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Делегация аъзолари Финляндиядаги турли давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари билан учрашувлар ўтказиб, соҳага оид фикр-мулоҳазалар алмашди.
Хусусан, Миллий таълим агентлиги (EDUFI), Таълим ва маданият вазирлиги, “Edulyzer” компанияси ҳамда Ҳельсинки шаҳар мери ўринбосари Маарит Виерунен билан ижтимоий хизматлар соҳасини ривожлантириш борасида мулоқот бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида Финляндия томони ижтимоий хизматларни ташкил этиш, ижтимоий уй-жой сиёсати, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, болалар ва оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, таълимни рақамлаштириш, инклюзив таълимни ривожлантириш, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда маҳаллий бошқарувнинг ижтимоий соҳадаги ваколатлари бўйича ўз тажрибасини тақдим этди.
“Y-Foundation” вакиллари уйсизликнинг олдини олиш ва ижтимоий уй-жой дастурларини амалга ошириш бўйича Финляндия тажрибаси билан таништирди. “Helsinki Deaconess Institution” раҳбарияти билан эҳтиёжманд аҳоли қатламларига кўрсатилаётган хизматлар ҳамда давлат ва нодавлат секторлари ўртасидаги ҳамкорлик механизмлари муҳокама қилинди.
Таълим соҳасидаги учрашувларда рақамли таълим платформалари, ўқув жараёнини баҳолашнинг замонавий усуллари, инклюзив таълим сиёсати ва халқаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Вантаа шаҳридаги “Lehtikuusi” мактабида инклюзив таълим муҳити ва махсус таълим эҳтиёжларига эга болалар билан ишлаш амалиёти ўрганилди.
Финляндия Миллий ҳуқуқий хизматлар идорасида аҳолига давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизими, рақамли хизматлар ва ҳуқуқий маслаҳат бериш амалиёти бўйича фикр алмашилди.
Ҳельсинки шаҳар ҳокимлиги ва Финляндия шаҳарлари ассоциацияси билан ўтказилган мулоқотларда маҳаллий бошқарув органларининг ижтимоий сиёсатни амалга оширишдаги ўрни, шаҳар миқёсида ижтимоий хизматларни ташкил этиш ва аҳоли билан ишлаш механизмлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, HAUS Давлат бошқаруви академияси раҳбарияти билан давлат хизматчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, қайта тайёрлаш ва замонавий бошқарув кўникмаларини ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Ташриф якунлари бўйича Финляндия томони Ўзбекистон билан ижтимоий ҳимоя, таълим, давлат ва маҳаллий бошқарув соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Қатор ташкилотлар экспертлар алмашинувини йўлга қўйиш, онлайн семинарлар ташкил этиш ва келгусида ҳамкорлик меморандумларини ишлаб чиқиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



