Ўзбекистон делегацияси Истанбулда бўлиб ўтган Ёш парламентарийлар форумида иштирок этди
Апрель 19, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 137
ИСТАНБУЛ, 19 апрель. /«Дунё» АА/. Истанбул шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеяси доирасида Ёш парламент аъзолари форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Парламентимиз юқори палатаси маълумотига кўра, унда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси, Ёшлар парламенти аъзолари муҳим ташаббус ва таклифларни илгари суришди.
Форумда бугунги кунда ёш қонун чиқарувчилар адолатли, хавфсиз ва барқарор дунё барпо этишда муҳим ўрин тутаётгани юзасидан қизғин муҳокамалар олиб борилди. Ёшларни парламент ва давлат бошқаруви жараёнларига жалб этиш, уларнинг қарор қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш бўйича изчил ишлар амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди. Тадбирда глобал ўзгаришлар, хусусан геосиёсий кескинликлар ва иқтисодий алоқалардаги мураккабликлар шароитида парламент дипломатиясининг аҳамияти ортиб бораётгани қайд этилди.
Сенат раиси Танзила Нарбаева таъкидлаганидек, бугунги шароитда ёш парламент аъзолари нафақат сиёсий жараёнларда иштирок этувчи, балки тинчликни мустаҳкамлаш ва адолатли глобал иқтисодиётни шакллантиришга ҳисса қўшувчи муҳим кучга айланмоқда.
Протекционизм кучайиши, таъминот занжирларининг узилиши ва иқтисодиётнинг қутбларга бўлиниши шароитида, айниқса, ривожланаётган мамлакатлар ва ёшларга таъсир кучаймоқда. Шу боис халқаро миқёсда солиқ шаффофлигини таъминлаш, молиявий ресурсларни таълим, соғлиқни сақлаш, рақамли трансформация ва ёшларни қўллаб-қувватлашга йўналтириш долзарб аҳамият касб этади.
Форум доирасида жорий йилнинг 4–6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг 12-глобал конференциясига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Унда бўлажак анжуманнинг мазмун-моҳияти, унинг халқаро аҳамияти ҳамда Самарқанд шаҳрининг юксак мезбонлик салоҳияти атрофлича ва таъсирчан тарзда ёритилди. Форум иштирокчиларида мазкур видеоролик катта қизиқиш уйғотиб, Ўзбекистондаги ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар юқори баҳоланди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ташаббус Ўзбекистон Президенти томонидан Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида илгари сурилган бўлиб, у ёш парламент аъзолари ўртасида глобал мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, айниқса ёшлар парламентаризми соҳасида мулоқот ва тажриба алмашинувини янада кенгайтиришни илгари сурмоқда. Шу нуқтаи назардан, мазкур 12-глобал конференция муҳим халқаро платформа сифатида эътироф этилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси