“Baku TV”: Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари Озарбайжон бозорида кўпаймоқда
Апрель 19, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 76
БАКУ, 19 апрель. /“Дунё” АА/. Озарбайжоннинг нуфузли “Baku TV” медиа платформасида Ўзбекистоннинг бой туризм салоҳияти, кўп асрлик маданий мероси ва тарихий қадриятлари, унинг туркий дунёдаги ўрни ҳақида махсус репортаж тайёрланди, деб хабар қилмоқда “Дунё АА мухбири.
Репортажда таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Айниқса, иқтисодий, маданий ва гуманитар йўналишлардаги алоқалар янги мазмун билан бойиб бормоқда.
Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги муносабатлар, энг аввало, раҳбарлар ўртасидаги самимий дўстлик ва ўзаро ишончга асослангани билан аҳамиятлидир. Бу эса барча соҳаларда, жумладан, тўқимачилик саноатида ҳам амалий натижалар бермоқда.
Хусусан, тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Томонлар нафақат савдо алоқаларини кенгайтириш, балки қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, замонавий тўқимачилик кластерларини яратиш бўйича ҳам қатор йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Жумладан, Явлах шаҳрида “Глобал текстиль” лойиҳаси (қиймати 104,8 миллион доллар), Имишли туманида “TST текстиль” (54 миллион доллар), Ханкенди шаҳрида “Business Tex” корхонаси (400 та иш ўрни, 20 миллион доллар) каби ташаббуслар бу ҳамкорликнинг амалий ифодасидир.
Статистик маълумотларга кўра, Озарбайжонда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларига бўлган талаб изчил ортиб бормоқда. Ҳар йили мазкур мамлакатга қарийб 1 миллиард долларлик тўқимачилик маҳсулотлари импорт қилинади. Сўнгги беш йилда эса бу талаб 2,5 баробарга ошгани кузатилган.
Айни пайтда Ўзбекистондан Озарбайжонга экспорт қилинаётган тўқимачилик маҳсулотлари ҳажми 27 миллион долларга етган бўлиб, мавжуд имкониятлар ушбу кўрсаткични камида икки баробар ошириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бу эса ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар учун янги бозорлар ва кенг имкониятлар эшигини очади.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий манфаатларга хизмат қилмоқда, балки икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга замин яратмоқда. Бу эса келгусида янада йирик қўшма лойиҳалар ва янги ютуқлар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси