Logo

Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеяси доирасидаги қатор тадбирларда иштирок этмоқда

Апрель 16, 2026. 20:31 • 3 дақ

125
Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеяси доирасидаги қатор тадбирларда иштирок этмоқда

 ТОШКЕНТ, 16 апрель. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Истанбул шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеяси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Парламент юқори палатаси ахборот хизмати хабарига кўра, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеяси доирасида ўтказилган Парламент аёл аъзолари форуми ҳамда Қўшилмаслик ҳаракати парламент тармоғининг 5-конференциясида иштирок этди.

Форум “Низоларнинг кучайиши ҳамда аёллар ва қизлар ҳуқуқларининг қисқариши” мавзусига бағишланиб, унда глобал низолар шароитида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди. Мамлакатимизда аёлларнинг таълим олиши, иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган қонунлар қабул қилиниб, тизимли дастурлар амалга оширилмоқда. Мазкур ёндашув форум иштирокчилари томонидан илғор тажриба сифатида эътироф этилди.

Шу билан бирга, глобал миқёсда аёллар ҳуқуқларининг поймол этилиши, гендер зўравонлик, одам савдоси ва мажбурий никоҳ каби таҳдидларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олишда парламентлар олдида турган устувор вазифалар юзасидан қатор ташаббуслар илгари сурилди.

Ўзбекистон томонидан хотин-қизлар ҳуқуқларини илгари суриш борасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр экани билдирилиб, иштирокчилар Бухоро шаҳрида жорий йилнинг 14–15 май кунлари бўлиб ўтадиган Осиё хотин-қизлари иккинчи форумига таклиф этилди.

Бундан ташқари, “Қўшилмаслик ҳаракати минтақасида иқлим ўзгаришига бардошли урбанизацияни таъминлашда парламентлар роли” мавзусига бағишланган Қўшилмаслик ҳаракати парламент тармоғининг 5-конференциясида шаҳарлар мисли кўрилмаган суръатларда ривожланаётган бир шароитда глобал иқлим муаммоларига ечим топиш, уларнинг олдини олишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда унинг ижроси устидан самарали парламент назоратини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Тадбирда замонавий ҳуқуқий асосларни шакллантириш, иқлим сиёсатининг амалга оширилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, “яшил” иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифалар сифатида қайд этилди.

Шунингдек, парламентлар нафақат қонун ижодкорлиги жараёнида, балки узоқ муддатли давлат сиёсатини шакллантириш, бюджет қўллаб-қувватловини таъминлаш ҳамда миллий ва халқаро даражада ҳамжиҳатликни илгари суришда муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.

Конференция якунида иштирокчилар Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлатларнинг иқлимга бардошли, хавфсиз ва инклюзив урбанизацияни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади. Парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш