“Deseret News”: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик изчил ривожланиб бормоқда
Январ 27, 2026. 19:03 • 3 дақ
• 47
СОЛТ-ЛЕЙК-СИТИ, 27 январь. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Юта штатидаги “Deseret News” нашрида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, Халқаро ICESCO ташкилоти ижроий кенгашининг аъзоси Музаффар Камиловнинг “Ўзбекистондан Ютагача: дин ва ижтимоий ҳамжиҳатлик сабоқлари” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзишича, ҳозирда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик изчил ривожланиб бораётгани, яқинда Ўзбекистонга Юта штати делегацияси ташриф буюргани таъкидланган.
Юта тажрибаси ва Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги тараққиёт йўли бир умумий ҳақиқатни тасдиқлаши, яъни дин фақат ибодат эмас, балки маърифат, инсонпарварлик ва ижтимоий барқарорлик манбаи экани қайд этилган. Юта тажрибасида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам давлат диний соҳа ишларига аралашмаслиги, бироқ диннинг ижтимоий ҳаётдаги ижобий ролини қўллаб-қувватлаши билдирилган.
“Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Бу муассасалар нафақат диний билимларни тарғиб қилиши, балки миллатнинг маънавий ўзлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда”, дея фикр билдирган муаллиф.
Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистон очиқлик ва халқаро ҳамкорлик сиёсатини изчил давом эттирар экан, дунё миқёсидаги етакчи давлатлар ва минтақалар билан амалий мулоқотни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан стратегик шериклик алоқалари янги мазмун касб этиб, иқтисодий, инвестициявий ва маънавий соҳаларда янги йўналишлар очилмоқда.
“Utah Foundation” маълумотларига кўра, 2021 йилда Юта “Ижтимоий капитал индекси” бўйича АҚШнинг топ-10 штати қаторига кирган. Ушбу кўрсаткич аҳоли ўртасидаги ишонч, иқтисодий барқарорлик, оилавий муносабатлар мустаҳкамлиги, ҳамжиҳатлик ва жамоат ҳаётидаги фаоллик даражасини акс эттиради.
Штатнинг иқтисодий ривожланиши ҳам барқарор йўналишда кечмоқда. “U.S. Census Bureau” ва “Gardner Policy Institute” маълумотларига асосан, Юта иқтисодиёти сўнгги йилларда мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори суръатларда ўсган.
2024 йилда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши АҚШ миқёсидаги кўрсаткичлардан юқори бўлди. Шу билан бирга, 2010-2020 йиллар давомида аҳоли сони 18 фоизга кўпайиб, Юта Америкадаги энг тез ўсувчи штатлардан бирига айланди. Бу Ютадаги аҳоли турмуш тарзи ижобий экани, оилалар шароити узлуксиз равишда ошиб бораётганини кўрсатади.
Юта тажрибаси жаҳон миқёсида ҳам қизиқиш уйғотади: иқтисодий ютуқлар маънавий-ахлоқий устуворлик билан уйғун ҳолда намоён бўлаётган жамиятда барқарорлик ва фаровонлик табиий ҳолга айланади. Ушбу штат кўп жиҳатдан бошқа ҳудудлардан фарқ қилади. Бу ерда жамият ҳаётида диннинг тутган ўрни, унинг ижтимоий муносабатларга таъсири ва аҳолининг бирдамлик руҳини мустаҳкамлашдаги аҳамияти алоҳида эътирофга лойиқ.
Ютадаги айни шу тажриба нафақат Америка учун, балки бошқа мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон каби бой маънавиятга эга юртлар учун ҳам ўрнак бўла олади. Чунки бу тажриба диннинг замонавий жамиятда умуминсоний қадриятларга асосланган тажрибадан ўтган ижтимоий куч сифатида намоён бўлиши мумкинлигини яққол исботлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
