Logo

“The World News”: Ўзбекистон дунёдаги иккинчи энг тез ўсаётган ва Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган стартап экотизими деб эътироф этилмоқда

Январ 22, 2026. 09:00 • 2 дақ

111
“The World News”: Ўзбекистон дунёдаги иккинчи энг тез ўсаётган ва Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган стартап экотизими деб эътироф этилмоқда

ИСЛОМОБОД, 22 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The World News” электрон нашрида “Ўзбекистон: 2026 йил учун рақамли технологиялар ва стартап экотизимларини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

 Нашрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рақамли технологияларни ривожлантириш соҳасида эришилган натижалар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишгани хабар қилинган.

“Тақдимотда сўнгги йилларда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва инновацион экотизимни шакллантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилгани қайд этилди, – дейилган мақолада. – Хорижий экспертларнинг таҳлилларига кўра, 2024-2025 йилларда мамлакатдаги стартап ва венчур экотизимининг умумий қиймати 3,9 миллиард долларга етди. Маҳаллий стартапларнинг сони 750 тадан ошди. Ҳозирги кунда 15 та венчур фонд фаолият юритмоқда, венчур капитал ҳажми эса 180 миллион доллардан ошди”.

 Покистон электрон нашрида таъкидланишича, Ўзбекистон дунёдаги иккинчи энг тез ўсаётган ва Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган стартап экотизими деб эътироф этилмоқда.

Тақдимотда 2030 йилга қадар стартапларнинг сонини 5 мингтага, экспорт бозорларига чиққан стартапларнинг сонини 200 тага етказиш, венчур инвестицияларнинг ҳажмини 2 миллиард долларга олиб чиқиш мақсад қилингани таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда электрон давлат хизматларини янада ривожлантириш режалари кўриб чиқилди, деб таъкидланган.

Рақамли хизматлар сонини 900 тагача етказиш, “MyGov.uz” мобил иловасининг функционалини кенгайтириш, 50 тадан ортиқ хизматларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, Аҳолининг ягона реестрини ишлаб чиқиш, тадбиркорлик субъектини очиш, якка тартибдаги тадбиркорлик ходимларини ҳисобга қўйиш, банк пластик картасини очиш, сим-карта олиш, суғурта ва реклама хизматларини рақамлаштириш режалаштирилган.

Тақдимотда сунъий интеллект технологиялари учун инфратузилма яратиш ишларининг бориши ҳақида ҳам Давлат Раҳбарига ахборот берилди. Мамлакат ҳудудларида замонавий дата-марказлар тармоғини кенгайтириш, маълумотлар хавфсизлиги ва узлуксизлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, тақдимотда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“The World News” эълон қилган мақолада ёзилганидек, Ўзбекистон Президенти рақамли технологиялар иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлигини ошириш, давлат бошқарувини самарали қилиш ва аҳоли ҳаёти сифатига бевосита таъсир кўрсатишини таъкидлаб, белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш