“Business Central Asia”: Ўзбекистон молия тизимини трансформация қилмоқда
Январ 25, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 226
ДЕҲЛИ, 25 январь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг “Business Central Asia” журналининг январь ойидаги сонида Ўзбекистон молия секторининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда Ўзбекистон миллий банк тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришнинг кенг қамровли босқичига қадам қўйгани қайд этилган.
Ўзбекистон илк бор Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки томонидан ташкил этилган Молиявий секторни баҳолаш дастурида (Financial Sector Assessment Program — FSAP) иштирок этди. Мақола муаллифининг ёзишича, ушбу аудит мамлакат молиявий архитектурасининг банк назорати ва хавф-хатарларни бошқариш самарадорлиги, тўлов тизимларининг ишлаши, инқирозга қарши чора кўриш механизмлари ва макропруденциал сиёсат каби муҳим йўналишларини қамраб олди.
Ўзбекистон 2026 йилда Базель қўмитасининг самарали банк назорати бўйича 29 та асосий тамойилини тўлиқ жорий этишни режалаштирмоқда.
Журнал мазкур улкан мақсадга эришиш учун стратегик вазифалар белгилаб олингани ҳамда улар қаторига, жумладан, барча тижорат банкларининг молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига тўлиқ ўтиши, Базель III регулятор талабларини жорий этиш ва Молиявий барқарорлик кенгашини ташкил этиш киритилганини маълум қилган.
Мақола муаллифи соҳа ривожланишининг эътиборга молик кўрсаткичларига алоҳида тўхталиб ўтган. Хусусан, охирги етти йил ичида Ўзбекистон тижорат банкларининг активлари 5,3 бараварга ўсди. Бугунги кунда мамлакатда 35 та банк фаолият кўрсатмоқда.
Нашр Ўзбекистон молия бозорининг инвестициявий жозибадорлиги ошиб бораётганини таъкидлаган. 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон банк секторига учта йирик хорижий банк кириб келгани халқаро молия институтларининг мамлакатда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга бўлган ишончидан далолат беради.
“Business Central Asia” журналидаги ушбу мақола Ўзбекистон молия тизимида кечаётган кенг кўламли ўзгаришларнинг халқаро ишбилармонлар ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганининг ифодасидир. Норматив базани дунёнинг етакчи стандартлари билан уйғунлаштириш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар миллий банк секторининг барқарорлиги, шаффофлиги ва рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, бу эса мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ўсиши учун муҳим асос бўлмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
