Япониядан муносабат: Ўзбекистонлик ишчилар учун ойига камида 2 минг доллар маош беришни асосий шарт сифатида белгилаганмиз
Январ 22, 2026. 09:48 • 3 дақ
• 103
ТОШКЕНТ, 22 январь. /“Дунё” АА/. Япониянинг йирик “Proud & Partners” компанияси президенти Рюжи Сузуки “Дунё” АА Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалари ва келгуси режалари ҳақида сўзлаб берди:
– Компаниямиз Япония иқтисодиётининг турли соҳаларига хорижий давлатлардан ишчи кучини тизимли ва қонуний тарзда жалб қилиш билан шуғулланади. Бугунги кунга қадар 5 минг нафарга яқин хорижий фуқароларни Япония меҳнат бозорига олиб киришга муваффақ бўлдик.
Японияда демографик инқироз оқибатида логистика, қурилиш каби асосий тармоқларда ишчи кучи етишмаслиги жиддий ижтимоий муаммога айланиб бормоқда. Шу муносабат билан компаниямиз тайёр ишчи кучини жалб қилиш эмас, балки уларни ўз давлатларида махсус тил ва касбга тайёрлаш марказлари орқали ўқитиш, малакасини ошириш ва аниқ иш ўринлари билан таъминлаш тамойили асосида фаолият юритади.
Ушбу лойиҳа доирасида, аввало, юк автомобили ҳайдовчиларини тайёрлаш йўналишида иш бошладик. Ўзбекистон фуқаролари учун ойига камида икки минг АҚШ доллари ва ундан юқори маош таклиф этишни асосий шарт сифатида белгилаганмиз.
Шу билан бирга, мазкур лойиҳани таянч нуқта сифатида қабул қилган ҳолда, фаолият йўналишларини босқичма-босқич кенгайтиришни ҳам режалаштирганмиз. Хусусан, Қорақалпоғистон давлат университети билан ҳамкорликда умумий овқатланиш соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш дастури йўлга қўйилди. Дастлабки босқичда юз нафарга яқин кадрларни тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, айни пайтда Ўзбекистон Миграция агентлиги билан ҳамкорликда қурилиш соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича режалар ишлаб чиқилмоқда ва келгусида ушбу йўналишларни янада кенгайтириш ниятидамиз.
Дастлаб, ушбу лойиҳани тахминан юз нафар иштирокчи билан амалга оширишни режалаштирган эдик. Бироқ, Ўзбекистонда амалда жорий этилган тизим, кадрлар салоҳияти ҳамда мамлакатнинг келажак истиқболлари билан яқиндан танишиш жараёнида ушбу ҳамкорликнинг улкан имкониятга эга эканига ишонч ҳосил қилдик. Ўзбекистон Президенти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини компаниямиз фаолияти мисолида бевосита ҳис этдик.
Натижада, кўплаб япон компанияларига ишонч билан аниқ таклифлар киритиш имкониятига эга бўлдик. Айни пайтда тахминан 500 нафар кадрни тайёрлаш бўйича ишлар амалий босқичга ўтди. Келгусида эса 5 минг нафаргача бўлган кенг кўламли ташаббусни ҳам амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Компаниямиз фаолияти фақат кадрларни тайёрлаш ва иш берувчилар билан боғлаш билан чекланиб қолмайди. Биз Ўзбекистондан тайёрланган мутахассисларни қабул қилган япон компанияларига ушбу кадрлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда янги бизнес йўналишларини йўлга қўйиш жараёнида ҳам ҳар томонлама кўмак кўрсатамиз. Асосий мақсадимиз — инсон омилига таянилган ҳолда барқарор бизнес ҳамкорлик занжирини шакллантириш ва ҳар икки давлат учун манфаатли муносабатларни ривожлантиришдир.
Ушбу ташаббус орқали Ўзбекистон халқи фаровонлиги, мамлакат тараққиётига ижобий ҳисса қўшиш мақсадида барча саъй-ҳаракатларимизни юксак масъулият ва самимият билан сафарбар этамиз.
Ўз фаолиятимиз орқали Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, инсон ресурслари ва савдо-иқтисодий соҳаларда ўзаро ҳамкорлик ривожига муносиб ҳисса қўшишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
