Ўзбекистон Мисрнинг етакчи сайёҳлик компанияси билан ҳамкорлик қилади
Февраль 24, 2026. 15:19 • 48 сония
• 54
ҚОҲИРА, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Мисрнинг етакчи “Travco Holidays” сайёҳлик компанияси бош директори Моатаз Седки билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маънавий мероси мисрлик сайёҳларда тобора катта қизиқиш уйғотаётгани қайд этилди. Моатаз Седки Ўзбекистон шунчаки дам олиш маскани эмас, балки Имом Бухорий, Ибн Сино ва Ал-Хоразмий каби буюк аллома ва мутафаккирлар мероси билан боғлиқ йўналиш, ислом цивилизацияси манбаларини акс эттирувчи маскан эканини алоҳида эътироф этди.
Томонлар сайёҳлик алмашинувини фаоллаштириш учун тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш муҳимлигини қайд этди. Бундан ташқари, “Цивилизация илдизларига саёҳат” концепцияси доирасида Ўзбекистонни Миср бозорида илгари суриш, илмий ва маданий доиралар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ихтисослаштирилган маданий сайёҳлик пакетларини ишлаб чиқиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Миср томони ҳамкорликдаги стратегияни амалга ошириш ва изчил ривожлантириш Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи маданий туризм марказларидан бирига айланиши учун шароит яратишига ишонч билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
