Logo

Дунё бўйлаб ватандошлар учун ифторлик тадбирлари ташкил этилмоқда

Февраль 24, 2026. 14:34 • 2 дақ

42
Дунё бўйлаб ватандошлар учун ифторлик тадбирлари ташкил этилмоқда
Дунё бўйлаб ватандошлар учун ифторлик тадбирлари ташкил этилмоқда
Дунё бўйлаб ватандошлар учун ифторлик тадбирлари ташкил этилмоқда

ТОШКЕНТ, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Рамазон – меҳр-шафқат, бағрикенглик ва саховат ойи доирасида хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларга миллий-диний қадриятларни етказиш мақсадида кўплаб давлатларда турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, ифторлик дастурхонлари ёзилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, шу йилнинг февраль–март ойлари давомида Жанубий Корея (Сеул, Инчон, Тэгу), Туркия (Истанбул, Анқара), Саудия Арабистони (Макка, Мадина), Миср, Малайзия, АҚШ, Канада, Россия ва бошқа бир қатор давлатларнинг 20 дан ортиқ йирик шаҳарларида давлат ва ватандошлар ҳомийлигида ифторликлар ташкил этилади. Хусусан, АҚШнинг Нью-Йорк, Нью-Жерси, Иллинойс каби штатларида ўндан ортиқ ифторлик маросими ўтказилиши белгиланган.

Мазкур хайрли ташаббуслар доирасидаги тадбирлар аллақачон бошланган. Жумладан, Жанубий Кореянинг Сеул, Инчон ва Тэгу каби йирик шаҳарларида, Россиянинг Новосибирск ҳамда Озарбайжоннинг Боку шаҳарларида ватандошлар иштирокида маърифий учрашувлар ўтказилиб, ифторликлар дастурхонлари ташкил этилди.

Давлатимизнинг хориждаги ватандошларга нисбатан ғамхўрлик ва ижтимоий ҳимоя ифодаси сифатида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир гуруҳ уламолари, имом-хатиблари ва моҳир қориларидан иборат делегация ҳам айни кунларда хорижий мамлакатларда бўлиб турибди. Диний соҳа вакиллари иштирокида ташкил этилаётган маърифий суҳбатларнинг бош мавзуси – ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти, миллий қадриятларга содиқлик ва турли бузғунчи ғоялардан огоҳликдир. Бу учрашувлар нафақат диний маросим, балки хориждаги ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўтказилаётган тадбирларнинг асосий мақсади – мураккаб шароитда меҳнат қилаётган мигрантлар, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқаролар ва хорижда таълим олаётган талабаларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлаяпти. Бу Янги Ўзбекистоннинг “инсон қадри учун” тамойили давлат чегаралари билан чекланиб қолмаслигини яна бир бор исботлайди. Маросимларда Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги ва равнақи учун дуолар қилинмоқда.

Тадбирларнинг аниқ манзили ва вақти ҳақидаги расмий маълумотлар Ўзбекистоннинг тегишли хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик идораларининг расмий саҳифалари орқали эълон қилиб борилади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, хорижда ташкил этилаётган бу каби маданий-маърифий тадбирлар юртдошлар қалбида Ватанга бўлган садоқат ва шукроналик туйғусини янада кучайтирмоқда. Ўзга юртда ўқилган таровеҳ намозлари ва ватандошлар билан баҳам кўрилган миллий таомларимиз ҳар бир юртдошимизга Ўзбекистоннинг доимий эътибори ва тафтини ҳис қилиш имконини бермоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш