Logo

Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Февраль 24, 2026. 14:26 • 3 дақ

38
Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Россияда болани қутқарган ўзбекистонликка 1 млн рубль берилади

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида фаррош бўлиб ишлайдиган ўзбекистонлик Хайрулло Ибодуллаев 7-қаватдан тушиб кетган боланинг ҳаётини сақлаб қолгани ҳақида хабар берилган эди. Унга мазкур қаҳрамонлиги учун тўртинчи Тигран Кеосаян номидаги мукофот берилади. Бу ҳақда “Russia Today” телеканали ҳамда “Россия Сегодня” ахборот агентлиги бош муҳаррири Маргарита Симонян ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифсида маълум қилди. Маргарита Симонян фикрига кўра, мукофот билан бирга Хайрулло Ибодуллаевга рағбатлантириш учун бир миллион рубль ҳам берилади. 

Манба: Маргарита Симонян

***

АҚШ Суриядан қўшинларини олиб чиқишни бошлади

АҚШ Суриядаги асосий ҳарбий базаларидан биридан қўшин ва техникасини олиб чиқишни бошлади. Гап Ҳасака вилоятидаги Қасрак базаси ҳақида кетмоқда. 23 февраль куни у ердан оғир техника, ҳарбий хизматчилар ва зирҳли машиналар ортилган ўнлаб юк автомобильлари чиқиб кетаётгани кузатилган. Улар Ироқ чегараси томон йўл олган.

Манба: Al Jazeera

 ***

Украинани тиклаш учун 588 млрд доллар керак бўлади

Украинага 2022 йил февралда бошланган тўлиқ кўламли уруш оқибатларини бартараф этиш ва мамлакатни тиклаш учун 10 йил давомида 587,7 млрд доллар (тахминан 500 млрд евро) керак бўлади. 2025 йил 31 декабр ҳолатига долзарб бўлган ушбу баҳолашни 23 февраль куни Украина ҳукумати, Жаҳон банки ЖБ, Еврокомиссия ва БМТ тақдим этди.

Манба: World Bank

***

Москвада ЙПХ автомобили портлаши оқибатида бир ходим ҳалок бўлди, икки киши жароҳатланди

Россиянинг Москва шаҳрида 24 февралга ўтар кечаси йўл-патрул хизмати автомобильи портлатилди. Ҳодиса оқибатида ЙПХнинг бир нафар ходими ҳалок бўлган, яна икки нафари жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Воқеа жойига Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколсев етиб келган. Портлаш Савёловский вокзали майдонида юз берган.

Манба: Gazeta.ru

***

АҚШ шимоли-шарқий соҳилларига кучли қор бўрони ёпирилди

Миллий метеорология хизмати кўплаб ҳудудларда қор қалинлиги 60 сантиметрга етиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Синоптиклар, тезлиги сониясига 31 метргача етадиган кучли шамол ва Атлантика соҳилларида сув тошқинлари бўлишини прогноз қилмоқда. Делавэр, Массачусетс, Нью-Йорк, Нью-Жерси, Пенсилвания ва Род-Айленд штатларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Манба: NBC News

***

Россиядаги ЙТҲда уч марказий осиёлик вафот этди

Россиянинг Оренбург вилоятида 21 февраль куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида уч нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлди, яна икки киши оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди. Фожиа соат тахминан 16:00да Р-239 “Қозон – Оренбург” автомагистралининг 451-километрида, Қозоғистон чегараси яқинида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, Toyota ва Mazda русумли автомобиллар тўқнашган. Toyota автомобилида Тожикистоннинг беш нафар фуқароси бўлган, Mazda ҳайдовчиси эса маҳаллий аҳоли вакили бўлган. Mazda ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Toyotaдаги уч нафар йўловчи оғир жароҳатлар туфайли тез ёрдам етиб келгунга қадар вафот этган.

Манба: Asia-Plus

***

Қирғизистонда президентга бўйсунувчи махсус Тергов қўмитаси ташкил этилади

Қирғизистон президенти Садир Жапаров кучишлатар тузилмаларининг кенг масштабли ислоҳотини эълон қилди. Унга кўра, бевосита давлат раҳбарига бўйсунувчи алоҳида Тергов қўмитаси тузилади, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) эса “собиқ КГБ каби ҳақиқий махсус хизматга” айлантирилади.

Манба: Kabar

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш