Мисрлик тадбиркорлар билан Ўзбекистонда фармацевтика соҳасидаги янги лойиҳалар муҳокама қилинмоқда
Июль 31, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 105
ҚОҲИРА, 31 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси дипломатлари ушбу давлатнинг “Granity” компанияси вакиллари билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида компания директорлар кенгаши раиси Иҳаб Али, завод директори Ҳасан Алам ад-Дин ҳамда маркетинг бўйича директор Нур Ал-Ҳажари фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Миср ишбилармонлари ўз фаолияти юзасидан тақдимот ўтказиб, биологик фаол қўшимчалар бўйича ҳам маълумот берди.
Учрашувда компания раҳбарияти Марказий Осиё мамлакатлари бозорига чиқиш ва экспорт фаолиятини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишдан манфаатдор эканини билдирди. Музокаралар якунида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари юзасидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари иштирокида учрашув ташкил этишга келишиб олинди.
Бугунги кунда компания Жамса шаҳрида фаолият юритаётгани, шунингдек, Қоҳира шаҳрида янги завод қурилишини бошлагани маълум қилинди. Ҳозирги кунда компания маҳсулотлари қатор араб мамлакатларига экспорт қилинмоқда, улар орасида асосий бозор Саудия Арабистони ҳисобланади.
2019 йилда ташкил этилган “Granity” (Granty Food Industry) компанияси биологик фаол қўшимчалар ва парҳез маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган етакчи фармацевтика корхонаси ҳисобланади. Компания юмшоқ ва қаттиқ желатин капсулалар, саше (кукун), сақичсимон (gummies) ҳамда таблетка кўринишидаги витаминлар, минераллар, иммун тизимини мустаҳкамловчи ҳамда метаболизмни яхшиловчи маҳсулотлар ишлаб чиқаради.
Корхона халқаро “ISO 22000” ва “eGMP” стандартларига тўлиқ жавоб беради ҳамда Миср Озиқ-овқат хавфсизлиги миллий бошқармаси томонидан сертификатланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси