“Eurasia Magazine”: ТДТ саммитлари орқали шериклик алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда
Май 14, 2026. 20:25 • 3 дақ
• 13
БУДАПЕШТ, 14 май /“Дунё” АА/. Венгриянинг “Eurasia Magazine” журналида Туркий давлатлар ташкилоти томонидан ўтказилиб келинаётган саммитлар ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) норасмий саммити ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва аъзо давлатлар ўртасидаги шерикликнинг келгуси устувор йўналишларини белгилаб олиш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Туркий тилли давлатлар раҳбарларининг биринчи саммити 1992 йилда Туркия Бош вазири Тургут Ўзал ташаббуси билан Анқара шаҳрида ўтказилган. 1996 йилги Тошкент декларациясида давлат раҳбарлари Котибият тузиш тўғрисидаги қорорни мустаҳкамлаб қўйган. Кейинги йилларда мазкур формат изчил ривожланиб, 2009 йилда Нахичеванда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташкил этилди. 2021 йилда Истанбул саммитида тузилмани Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ташкилот фаолиятининг кенгайиши ва унинг халқаро аҳамияти ортиб бораётганини акс эттирди.
Ташкилот фаолиятининг асосий мақсади аъзо давлатлар – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Устувор вазифалар қаторига ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсий позицияларни мувофиқлаштириш, шунингдек, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш киради. Савдо ва инвестициялар учун қулай шароит яратиш, илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақа аҳолиси турмуш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мақолада ёзилишича, ТДТни ривожлантиришда 2022 йил Самарқанд саммити якунларига кўра бошланган Ўзбекистон раислиги алоҳида аҳамиятга эга. Бу даврда мамлакат нафақат амалий ҳамкорликни фаоллаштирди, балки ташкилот фаолиятига институционал янгиликлар ҳам киритди.
Бугунги кунда ТДТ кун тартиби барча иштирокчи давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилмоқда ва ҳар бир давлат интеграция жараёнлари ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Қайд этилишича, ТДТ доирасидаги иқтисодий ҳамкорлик барқарор ижобий ўсишни намоён этмоқда. Сўнгги йиллар натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо давлатлар билан савдо айланмаси ҳажми изчил ошиб бормоқда ва 2025 йилда 10,8 миллиард АҚШ долларидан ошди. Қозоғистон ва Туркия мамлакатимизнинг асосий савдо шериклари бўлиб қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Туркистон шаҳрида бўлиб ўтадиган ТДТнинг навбатдаги саммити кўп томонлама ҳамкорликнинг келгуси йўналишларини муҳокама қилиш ва янги қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш учун муҳим майдон бўлади.
Саммит мавзусидан келиб чиққан ҳолда, рақамли трансформация, қўшма инновацион экотизимларни ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, рақамли инфратузилма соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда замонавий, юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

“Дія Бізнес”: “TextileExpo Uzbekistan 2026” Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда



