Европа жазирама оғушида: Францияда аномал иссиқдан камида 18 киши, жумладан икки нафар бола вафот этди

Июнь 23, 2026. 16:30 • 3 дақ

101
Европа жазирама оғушида: Францияда аномал иссиқдан камида 18 киши, жумладан икки нафар бола вафот этди

ЖЕНЕВА, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Францияда Европанинг катта қисмини қамраб олган аномал иссиқ оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлди, улар орасида ўта юқори ҳароратда машинада қолдирилган икки нафар гўдак ҳам бор, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” ахборотига таяниб.

Агентлик маълумотларига кўра, бир қатор Европа мамлакатларида ҳаво ҳарорати рекорд даражага кўтарилган. Франциянинг Бордо шаҳрида термометр устуни 41,9 даражагача кўтарилиб, янги тарихий максимал кўрсаткични қайд этди. Пуате шаҳрида эса ҳарорат 41,2 даражага етиб, 1947 йилда ўрнатилган рекордни янгилади.

Францияда жазирама туфайли айрим мактаблар ёпилди ёки уларнинг фаолият тартибига ўзгартириш киритилди. Синоптикларнинг маълум қилишича, яқин кунларда Буюк Британияда ҳам рекорд даражадаги юқори ҳарорат кузатилиши кутилмоқда.

Франциянинг Карпантра шаҳри прокуратураси оилавий автомашинада ҳушсиз ҳолда топилган икки ва тўрт ёшли икки нафар боланинг вафот этганини маълум қилди. Уларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади.

Бундан ташқари, дам олиш кунлари Бордо ҳудудида жазирама оқибатида 80 ёшдан 95 ёшгача бўлган уч нафар кекса киши вафот этди. Яна 13 киши юқори ҳароратдан сақланишга уриниб, сувда юз берган бахтсиз ҳодисалар туфайли ҳалок бўлди.

Мутахассисларнинг баҳолашича, ҳозирги иссиқлик тўлқини “омега-блок” деб аталувчи атмосфера ҳодисаси билан боғлиқ бўлиб, унда Шимолий Африкадан келаётган иссиқ ҳаво массалари Европа қитъаси узра узоқ вақт сақланиб туради.

Шунингдек ўқинг

Испаниянинг Сан-Себастьян шаҳрида ҳарорат 40 даражага яқинлашди ва бу йилнинг шу даври учун ўртача кўрсаткичдан икки баробардан зиёддир. Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, Европа сайёрамизнинг ўртача кўрсаткичидан икки баравар тезроқ исимоқда.

Италиянинг 12 та шаҳрида жазирама сабабли энг юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинди. Туринда электр энергияси истеъмоли ортиши фонида электр тармоқларига тушаётган юклама кучайгани сабабли энергетика компаниялари иш режимини кучайтирди.

Фавқулодда иссиқдан ёввойи ҳайвонлар ҳам азият чекмоқда. Бельгиядаги ёввойи ҳайвонларни реабилитация қилиш маркази сўнгги уч кун ичида 150 га яқин жабрланган қуш ва бошқа жониворларни қабул қилди.

Экспертлар иқлим ўзгариши узоқ давом этадиган жазирама ва кучли бўронлар каби экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг тез-тез такрорланиши ва кучайишига олиб келаётганини таъкидламоқда.

“Reuters” сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш