“Гамбург–Шанхай 2026” автораллиси иштирокчилари Ўзбекистонга етиб келди
Май 05, 2026. 15:25 • 2 дақ
• 81БЕРЛИН, 5 май. /“Дунё” АА/. Германиянинг “New Silk Road GmbH” туроператорининг “Гамбург–Шанхай 2026: Замонавий автомобилларда Янги Ипак йўли раллиси” лойиҳаси иштирокчилари Ўзбекистонга етиб келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган мазкур лойиҳа келишуви шу йил март ойида Берлин шаҳрида амалга оширилган эди.
12 апрель куни Гамбург шаҳридан старт олган халқаро авторалли иштирокчилари енгил автомобилларда Европа ва Жанубий Кавказ давлатлари орқали ҳаракатланди. 1 май куни Қозоғистондан ўтиб юртимизга келди. Ушбу саёҳат халқаро автомобиль йўналиши бўйлаб 12 апрелдан 16 июнгача давом этади.
Авторалли дастурига кўра, иштирокчилар қуруқлик орқали замонавий ва классик автомобилларда саёҳати давомида маданий алмашинув, маҳаллий аҳоли билан мулоқот ва тарихий савдо йўллари бўйлаб туризмни тарғиб қилишни режалаштирган.
Саёҳат лойиҳасида Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади. Мамлакатнинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси, бетакрор меъморий обидалари ва меҳмондўстлик анъаналари энг қизиқарли йўналишларидан бири сифатида баҳоланади. Хусусан, Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли тарихида тутган ўрни хорижий сайёҳлар учун ҳар сафаргидан ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Лойиҳа раҳбари Изабелла Ҳансеннинг таъкидлашича, авторалли Ипак йўли бўйлаб маданий саёҳат сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, у халқаро алмашинувни ривожлантириш ва халқаро автомобил йўналишда жойлашган мамлакатларни халқаро аудиторияга ижобий тарзда таништиришга хизмат қилади.
“Ўзбекистон доим саёҳат дастуримизнинг энг муҳим қисми ҳисобланган. Мамлакатингизга сафар қилиш биз учун катта шараф. Очиғини айтсам, Ўзбекистон Буюк Ипак йўлини юраги ҳисобланади. Дастурларимиз қуруқликдаги саёҳатни маданий мулоқот, маҳаллий аҳоли билан учрашувлар ва анъанавий савдо йўллари бўйлаб туризмни тарғиб қилиш билан уйғунлаштирилади”, - дейди Изабелла Ҳансен.
Саёҳат дастурига кўра, Ўзбекистонда мазмунли ва узоқ муддат қолиш мақсад қилинган, яъни мамлакатимизда маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашувлар ва маҳорат дарслари ташкил этиш режалаштирилган. Бундай саёҳатлар Европа ва Осиё ўртасидаги маданий, иқтисодий ва инсонлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

