Logo

Ўзбекистон Президентининг Покистонга ташрифи стратегик шерикликни янги босқичга кўтарди

Февраль 15, 2026. 09:10 • 6 дақ

82
Ўзбекистон Президентининг Покистонга ташрифи стратегик шерикликни янги босқичга кўтарди
Ўзбекистон Президентининг Покистонга ташрифи стратегик шерикликни янги босқичга кўтарди
Ўзбекистон Президентининг Покистонга ташрифи стратегик шерикликни янги босқичга кўтарди
Ўзбекистон Президентининг Покистонга ташрифи стратегик шерикликни янги босқичга кўтарди
Ўзбекистон Президентининг Покистонга ташрифи стратегик шерикликни янги босқичга кўтарди
Ўзбекистон Президентининг Покистонга ташрифи стратегик шерикликни янги босқичга кўтарди

ИСЛОМОБОД, 15 февраль. /“Дунё” АА/. Исломободда Ўзбекистон Президентининг Покистонга амалга оширган давлат ташрифи якунларига бағишлаб давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев (онлайн форматда), Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, етакчи таҳлилий марказлар, ижтимоий-сиёсий доиралар вакиллари, экспертлар, сиёсатшунослар, профессор-ўқитувчилар ҳамда журналистлар иштирок этди.

– Аввало, очиқ ва самимий мулоқот ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирман. Ўтган ҳафта Исломободда учрашиб, суҳбатлашган эдик. Бугун, онлайн тарзда учрашганимизга қарамай, барча покистонлик дўстларимни яна бир бор кўришдан хурсандман, – деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев. – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи тарихий ташриф бўлди. Бу ташриф икки давлат ўртасидаги дўстлик ва аҳиллик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилди, ишончга асосланган ва мунтазам сиёсий мулоқотни ривожлантирди.

Тадбирда ташриф давомида икки давлат етакчилари ўртасида имзоланган қўшма декларация ҳам бошқа ҳамкорлик ҳужжатларига имзо чекилгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу  рақамлар ташриф қанчалик самарали бўлганини тасдиқлайди.

Исломободнинг марказий кўчаларидан бирини “Тошкент” кўчаси деб номлаш ва буюк аждодимиз Зоҳириддин Муҳаммад Бобур номида янги боғ очиш тарихий яқинлик ва умумий маънавий қадриятларимиз рамзига айланди.

Ўзбекистон Президенти Фан ва технология миллий университети томонидан доктор ва профессор фахрий унвонлари билан тақдирланди. Давлатимиз раҳбарига Покистоннинг олий давлат мукофоти – “Нишони Покистон” ордени топширилди. Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу нуфузли мукофот Ўзбекистон халқига дўстона муносабат ва чуқур ҳурмат ифодасидир.

Элчи Алишер Тўхтаев Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи том маънода тарихий воқеа бўлгани, икки томонлама муносабатлар ривожида мутлақо янги саҳифа очилганини таъкидлади. Ташриф асрлар давомида икки халқни боғлаб келаётган дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч анъаналари руҳида ўтди. Олий даражадаги музокаралар ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги стратегик босқичга олиб чиқди.

– 2026 йилга қадар Трансафғон темир йўли лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш минтақаларимиз учун стратегик аҳамиятга эга бўлган келишувдир, – деди элчи Алишер Тўхтаев – Мазкур лойиҳа Марказий ва Жанубий Осиёнинг транспорт-логистика харитасини тубдан ўзгартириш салоҳиятига эга. Музокаралар чоғида минтақавий хавфсизлик ва Афғонистоннинг барқарор ривожланиши масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Покистон ягона ёндашувни илгари сурмоқда: Афғонистон беқарорлик манбаи эмас, балки ҳамкорлик кўпригига, минтақаларни боғловчи стратегик бўғинга айланиши лозим.

Давра суҳбати иштирокчилари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга бўлиб ўтган давлат ташрифи стратегик шерикликни янги босқичга кўтариш, иқтисодий ва транспорт ҳамкорлигини кенгайтириш, гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга кучли туртки берганини таъкидлади. Ташриф доирасида Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши, бизнес-форум ва қатор муҳим тадбирларнинг ўтказилиши мамлакатларимиз интеграция жараёнларини тизимли асосда ривожлантиришга интилаётганини кўрсатди.

Қайд этилганидек, мазкур ташриф нафақат дипломатик тадбир, балки барча устувор йўналишларда икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқадиган муҳим сиёсий воқелик ва кучли драйвер вазифасини бажаради.

Покистон – Ўзбекистон мулоқотининг устувор йўналишларидан бири сифатида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш белгиланди. Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш расмий Тошкент ва Исломобод учун стратегик аҳамият касб этади. Бу нафақат ўзаро савдо ҳажмини ошириш, қўшма корхоналар сонини кўпайтириш, балки Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо ва инвестиция оқимларини жадаллаштиришга хизмат қилади. Ўзбекистон учун Покистоннинг Карачи ва Гвадар портларига чиқиш имконияти экспорт-импорт йўналишларини диверсификация қилиш ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, бундай яқинлашув нафақат икки томонлама ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга, балки минтақавий интеграция жараёнларини жадаллаштириш, барқарор тараққиёт ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Жавҳар Салем, Минтақавий тадқиқотлар институти президенти:

 – Ўзбекистон Президентининг Покистонга амалга оширган ташрифи мутлақо янги сиёсий савия ва мазмунда ўтди. Олий даражадаги музокаралар давомида эришилган келишув ва битимлар нафақат икки давлатнинг миллий манфаатларига хизмат қилади, балки бутун Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларида барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Асрлар давомида шаклланган маданий ва тарихий ришталар халқларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Айниқса, илм-фан, интеллектуал ва академик доиралар вакилларининг фаол иштироки, илмий-амалий мулоқотларнинг кенгайиши ҳамкорликнинг ижтимоий ва маънавий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ишончим комилки, мазкур ташриф натижалари ўзаро манфаатли шерикликни янги мазмун билан бойитиб, халқларимиз фаровонлигини ошириш, иқтисодий салоҳиятни тўлиқ рўёбга чиқариш ва гуманитар алоқаларни янада чуқурлаштириш йўлида муҳим қадам бўлади.

Зафар Наваз Жаспал, Қуайдe-Аъзам университети декани, профессор:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга амалга оширган давлат ташрифи рамзий ва амалий жиҳатдан ҳам ўта муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, Ўзбекистон етакчисининг Покистон осмонидаёқ ҳарбий учоқлар ҳамроҳлигида кутиб олиниши ва Нурхон аэропортида олий даражада расмийлар томонидан кутиб олиниши икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганининг ёрқин ифодаси бўлди. Бу ҳолат Покистон томонининг Ўзбекистонга ва унинг раҳбарига бўлган алоҳида эҳтироми ҳамда ишончининг тасдиғидир.

Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари тарихан, маданий ва иқтисодий жиҳатдан бир-бирига узвий боғлиқ. Транспорт йўлаклари, энергетика лойиҳалари, савдо алоқалари ва гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали минтақалараро интеграцияни янги босқичга олиб чиқиш мумкин. Бу борада Ўзбекистон Президентининг ташаббускорлиги, хусусан, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги мулоқотни институционаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этиш керак. 

Асиф Танвир, Муслим институти халқаро муносабатлар департаменти раҳбари:

 Ўзбекистон ва Покистонни боғлаб турган чуқур маданий ва маънавий ришталар бугунги кунда икки давлат ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаяпти.

Хусусан, Бобур ва Бобурийлар сулоласининг замонавий Покистон давлатчилиги шаклланишидаги тарихий ўрни беқиёс. Бу мерос Покистон халқи тафаккури ва миллий ўзлигининг ажралмас қисмига айланган. Бобурийлар даври икки халқни боғлаб турувчи мустаҳкам маънавий кўприк бўлиб, уни чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш стратегик аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Лаҳор шаҳрида Бобурийлар меросини ўрганишга бағишланган Маданий марказни ташкил этиш ғояси ўз вақтида бўлди, деб ўйлайман. Бу ташаббус илмий изланишлар, маданий алмашинув ва туризмни ривожлантиришда янги имкониятлар очади. Шунингдек, ташриф давомида икки давлат ҳукуматлари ўртасида имзоланган Буюк Бобурийлар сулоласининг илмий-маърифий, маданий ва меъморий меросини асраш, ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш тўғрисидаги битим катта тарихий аҳамият касб этади. Галдаги вазифа ушбу  битим доирасида аниқ лойиҳа ва тадбирларни белгилаб, уларни изчил амалга оширишдан иборат.

Ўзбекистон ва Покистон бундан буён ҳам маданий ва маънавий кўприкларни изчил мустаҳкамлаб бориши лозим. Ислом цивилизацияси, хусусан сўфийлик анъаналари икки халқ ўртасидаги тарихий яқинликни асрлар давомида мустаҳкамлаб келган. Жумладан, Нақшбандия тариқати тарафдорларининг Покистонда кўплиги ва юртимизда Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга қизиқиши юқорилигидан далолат беради. Шу нуқтаи назардан, зиёрат туризмини ривожлантириш, қўшма маданий ва маърифий дастурларни амалга ошириш муҳим, деб ўйлайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш