“Sada al-Balad English”: Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашдаги роли тобора кенгаймоқда
Октябрь 13, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 123
ҚОҲИРА, 11 октябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Sada al-Balad English” нашрида туркий дунёда сув хавфсизлиги ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий ислоҳотларга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Илк материалда ёзилишича, туркий давлатлар ўртасида сув хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари таҳлил қилинган.
Муаллиф сув танқислиги, музликларнинг қисқариши, қурғоқчилик ва аҳоли эҳтиёжларининг ортиб боришини бутун Туркий дунё учун умумий стратегик муаммо сифатида баҳолайди. Мақолада Туркий давлатлар ташкилоти доирасида экологик барқарорлик ва сув ресурсларини бошқариш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Материалда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам тўхталиб ўтилган. Хусусан, 2020–2025 йилларда 1 870 километр канал бетонлангани, сувни тежовчи технологиялар 3,2 миллион гектар майдонда жорий этилгани ва сув хўжалигида рақамли ҳисоб ҳамда мониторинг тизимлари ривожлантирилаётгани қайд этилган.
Яна бир мақолада Марказий Осиё давлатлари ўртасида сўнгги йилларда мустаҳкамланаётган сиёсий ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларининг иқтисодий ҳамкорликка таъсири ёритилган.
Мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилдан бошлаб илгари сурилган очиқлик, прагматизм ва яхши қўшничилик сиёсати минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутгани таъкидланган.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари мунтазам тус олгани, мамлакатлар ўртасидаги савдо ва инвестиция алоқалари кенгайгани ушбу жараённинг муҳим натижалари сифатида кўрсатилади.
Минтақавий иқтисодий интеграцияда транспорт-логистика йўналишларининг аҳамиятини алоҳида қайд этилган. Озарбайжоннинг ҳамкорлик форматига қўшилиши, Транскаспий халқаро транспорт йўли ва “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли каби лойиҳалар минтақани Кавказ, Туркия, Европа ва Осиёнинг бошқа бозорлари билан боғлаш имкониятларини кенгайтиради.
Нашрда Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжон билан савдо, инвестиция, энергетика ҳамда саноат кооперацияси соҳаларидаги алоқалари кўриб чиқилган.
Муаллифнинг фикрича, ҳамкорликнинг кейинги босқичида оддий товар айирбошлашдан қўшма корхоналар ташкил этиш, минтақавий қиймат занжирларини шакллантириш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш муҳимдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси