Женевада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви якунларига бағишланган тадбир ўтказилди
Декабрь 13, 2025. 14:59 • 2 дақ
• 217
ЖЕНЕВА, 20 декабрь. /“Дунё” АА/. БМТ ваколатхонасида шу йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашуви якунларига бағишланган тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Марказий Осиё, Озарбайжон, Арманистон, Бангладеш, Беларус, Венгрия, Европа Иттифоқи, Эрон, Хитой, Мўғулистон, Покистон, Россия, Чехия, Судан, Туркия ва бошқа давлатлар вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар Тошкентда бўлиб ўтган нуфузли тадбир юқори даражада ташкил этилганини қайд этиб, учрашувлар мазмунли ва самарали бўлганини таъкидлади. Мулоқотларда кенг кўламли масалалар, жумладан, минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик ва гуманитар ташаббуслар муҳокама қилинган.
Ўзбекистон раислигида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашувида билдирилган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, учрашувларнинг ушбу форматини янада такомиллаштириш, 2035 йилгача бўлган даврда минтақавий ривожланиш дастурини қабул қилиш, умумий инвестиция маконини яратиш, қўшма инфратузилма ва логистика лойиҳалари ишлаб чиқиш, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида таълим ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш каби ташаббуслар кенг таҳлил этилди.
Иштирокчилар ушбу ташаббуслар ишончни мустаҳкамлаш, мувофиқлаштиришни кучайтириш ва бутун минтақанинг барқарор ривожланиши учун шароит яратишга хизмат қилишини таъкидлади.
Хусусан, Озарбайжоннинг доимий вакили Галеб Исрафилов ушбу формат давлат раҳбарларига долзарб масалалар юзасидан ўз вақтида фикр алмашиш, ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича позицияларни мувофиқлаштириш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни мустаҳкамлашга қаратилган ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш имконини беришини таъкидлади. Учрашувларнинг мунтазамлик касб этиши ўзгарувчан халқаро вазият ва трансчегаравий хатарлар кучайиб бораётган шароитда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.
Қозоғистоннинг доимий вакили Эржан Қазахан маслаҳатлашув формати доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш иқтисодий кооперацияни чуқурлаштириш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, халқаро майдонда минтақавий ташаббусларни биргаликда илгари суриш, гуманитар ва таълим алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, Озарбайжоннинг ушбу формат ишига жалб этилиши Марказ ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади.
Тожикистон ва Туркманистоннинг доимий вакиллари ҳам маслаҳатлашув механизмини янада ривожлантириш тарафдори эканини тасдиқлади ва уни институционал мустаҳкамлаш бўйича конструктив ишларни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Шунингдек, панель мунозараларида Европа Иттифоқининг Женевадаги доимий вакили Дейка Потсел сўзга чиқди. У Марказий Осиё мамлакатларининг Маслаҳат учрашувлари форматининг муҳимлигини таъкидлаб, минтақавий мулоқот ва ишончни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётганини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади