Logo

Камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибаси ўрганилди

Февраль 11, 2026. 13:45 • 51 сония

66
Камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибаси ўрганилди

ПЕКИН, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан ҳамкорликда маҳаллаларни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга жалб этилган ҳудудий бошқарувчилар учун онлайн тренинг ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Хитойнинг Фудань ва Пекин педагогика университетлари вакиллари иштирок этди.

Хитойлик мутахассислар олис аҳоли пунктларида инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини рақамли технологиялар, хусусан, электрон тижоратдан фойдаланиш имконияти билан таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Тренинг давомида Ўзбекистонда 2025 йилда 366 минг оила камбағалликдан чиқарилгани, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,8 фоизга камайгани таъкидланди.

Иштирокчиларга 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш бўйича 2026 йилга мўлжалланган вазифалар ҳақида маълумот берилди. Ҳозирги босқичда маҳаллаларнинг ихтисослашувини чуқурлаштириш ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда муҳим аҳамиятга эга.

Онлайн семинар якунида хитойлик экспертлар Ўзбекистонга ташриф буюриб, жойларда ўз тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёр эканини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш