Венада ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказилди
Февраль 11, 2026. 13:45 • 2 дақ
• 40ВЕНА, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Вена шаҳрида БМТ ходимлари ва Австрия олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ватандошлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ходимлари ўз фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисида батафсил тақдимот ўтказди. Унда, наркотик воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш ва уларнинг тарқалишининг олдини олиш, гиёҳвандлик, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида миллий сиёсат ва қонунчиликни ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштиришда давлатларга техник ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва хавфсизликка таҳдид солаётган бошқа замонавий хавф-хатарларга қарши курашишнинг глобал тизимини мустаҳкамлашга қаратилган халқаро конвенция ва битимлар ижросини мониторинг қилиш ва уларга кўмаклашиш механизмлари ёритиб берилди.
Учрашувнинг алоҳида бир қисми БМТ тизимидаги таълим ва касбий имкониятларга бағишланди. Талабаларга Ташкилот фаолиятининг турли соҳаларида мутахассисларни тайёрлаш бўйича амалдаги ўқув дастурлари, тренинглар, амалиётлар ва ташаббуслар ҳақида маълумот берилди. Иштирокчилар халқаро тузилмаларга ишга жойлашиш, номзодларга қўйиладиган талаблар ва БМТ тизимидаги мартаба йўналишлари бўйича тушунтиришлар олди.
Тадбир доирасида буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ҳам кенг нишонланди. Иштирокчилар Навоийнинг жаҳон адабиётига қўшган улкан ҳиссаси, бой маънавий-маърифий меросини ёдга олдилар. Вена миллий кутубхонасида буюк шоир қўлёзмаларининг нусхалари сақланаётгани, унинг асарларини ўрганиш маданий меросни асраб-авайлашнинг муҳим қисми экани қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар бундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказиш мақсадга мувофиқлиги таъкидли, доимий мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




