Ўзбекистон ва БАА меҳнат миграцияси ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамламоқда
Февраль 11, 2026. 12:29 • 49 сония
• 44
АБУ-ДАБИ, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Абу-Даби шаҳрида Бирлашган Араб Амирликларининг “Emirati Group” компанияси раиси Муҳаммад Али ал-Ҳосани билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур компания 1984 йилда ташкил этилган бўлиб, аутсорсинг, кадрлар ва консалтинг хизмати билан шуғулланади. Унинг таркибида БААга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиш билан шуғулланувчи “Foodco” компанияси ҳам фаолият юритади.
Мулоқот давомида томонлар БААда қурилиш, нефть-газ ва меҳмонхона бизнеси соҳасида ишлаш учун ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилиш, шунингдек, Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
“Emirati Group” раиси мазкур йўналишларда кадрларга талаб юқорилигини таъкидлаб, БААда мутахассисларни ишга жойлаштириш тартиблари ҳақида батафсил тақдимот ўтказди. Шунингдек, у Ўзбекистонда ислом банк тизими жорий этилаётганидан хабардорлигини тасдиқлади ва ушбу соҳада ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган ташаббусларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни тайёрлаш, жумладан, 2026 йилда “Emirati Group” раисининг юртимизга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
