Logo

Венгриядан муносабат: Ўзбекистон билдираётган экологик ташаббуслар реал натижаларга асосланган

Апрель 24, 2026. 17:28 • 2 дақ

131
Венгриядан муносабат: Ўзбекистон билдираётган экологик ташаббуслар реал натижаларга асосланган

БУДАПЕШТ, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Венгриядаги Корвинус университети ҳузуридаги Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори Мартон Краснай “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси йиғилишидаги иштироки ҳақида ўз фикрларини билдирди:

– Саммитнинг ялпи мажлисида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва бошқа иштирокчи мамлакатлар вакиллари муҳим маърузалар билан қатнашди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқини диққат билан кузатдим.

Ўзбекистон етакчисининг нутқ оддий баёнот эмас, балки амалий ечимларга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббусларга бойлиги билан ажралиб турди. Хусусан, Ўзбекистонда экологик ва иқлим масалалари бўйича минтақавий марказлар ташкил этиш, давлатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қиладиган янги механизмларни йўлга қўйиш каби муҳим ғоялар илгари сурилди.

Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг салбий таъсирини камайтириш бўйича олиб бораётган ишлари эътиборга молик. Фикримча, мамлакат нафақат ҳозирги муаммоларни ҳал қилишга, балки ўтмишдан қолган экологик муаммоларни, айниқса Орол денгизи билан боғлиқ вазиятни юмшатишга ҳам жиддий ёндашмоқда.

Шунингдек ўқинг

Бу ерда энг муҳим жиҳат – ёндашувнинг мувозанатли эканидир. Яъни, Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида ҳам мослашиш (адаптация), ҳам салбий таъсирни камайтириш чораларини биргаликда амалга оширмоқда. Бу эса узоқ муддатли ва барқарор стратегия шаклланаётганидан далолат беради.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг иқлим сиёсатидаги ёндашуви амалий ва реалликка мос. Яъни, бошқа айрим ҳолатларда кузатиладиган фақат гап ва декларацияларга эмас, балки аниқ натижа бериши мумкин бўлган лойиҳаларга устувор аҳамият берилмоқда.

Ўйлашимча, Ўзбекистон бугунги кунда Марказий Осиёда экологик ва иқлим сиёсатини илгари суришда фаол ва ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда. Илгари сурилаётган ташаббуслар эса нафақат минтақа, балки халқаро миқёсда ҳам ижобий натижалар бериши шубҳасиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш