Покистонда “Uzbekistan Regions of Opportunity” номли каталог нашр этилди
Октябрь 29, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 222
ИСЛОМОБОД, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Покистондаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон ҳудудларининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган “Uzbekistan Regions of Opportunity” номли каталог чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Инглиз тилидаги каталогнинг дастлабки саҳифаларида Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаевнинг Покистон ишбилармон доираларига мурожаати эълон қилинган.
Кейинги саҳифалардан юртимизнинг 10 та туман ва шаҳри, хусусан, Нукус, Жиззах, Каттақўрғон ва Хонабод шаҳарлари, Гурлан, Олот, Миришкор, Яккасарой, Данғара ва Избоскан туманлари ҳамда Навоий вилоятининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий имкониятларига доир муҳим маълумотлар ўрин олган.
Мазкур қўлланма мамлакатимиз ҳудудларининг иқтисодий, инвестициявий, экспорт ва туристик салоҳиятини Покистон ишбилармон доиралари орасида кенг тарғиб қилиш, ҳудудлардаги техникумларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида чоп этилди.
Нашрдан мамлакатимизнинг бугунги иқтисодий ривожланиш суръатлари, инвестиция муҳити, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳамда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати тўғрисидаги маълумотлар ҳам ўрин олган.
Қўлланмада ҳар бир ҳудуд учун алоҳида бўлим шакллантирилиб, уларда ҳудудларнинг асосий иқтисодий устунликлари, ишлаб чиқариш имкониятлари, экспорт салоҳияти, таклиф этилаётган инвестиция лойиҳалари ва Покистон компаниялари билан ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган аниқ йўналишлар ёритилган.
Тўплам ҳудудларнинг замонавий қиёфаси, ишлаб чиқариш объектлари, туристик масканлари ва инвестиция имкониятларини акс эттирувчи сифатли суратлар билан бойитилган.
Қўлланма 166 бетдан иборат бўлиб, 300 нусхада чоп этилди. Нашрни Покистондаги йирик савдо-саноат палаталари, ишбилармон доиралар ва нуфузли бизнес уюшмалари ўртасида тарқатиш режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси