Ўзбекистон Президенти АҚШ савдо вакилини қабул қилди
Июнь 25, 2026. 18:56 • 2 дақ
• 65
ТОШКЕНТ, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун АҚШнинг савдо вакили Жеймисон Грирни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув аввалида вакил Ўзбекистон етакчисига АҚШ Президенти Дональд Трампнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини, аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари барқарор ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Яқинда бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Америка бизнеси вакиллари билан ўтказилган давра суҳбатининг амалий натижалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида ҳамкорлик қилиш ва ушбу жараёнлар келгусида ҳам АҚШ томонидан қўллаб-қувватланишига алоҳида эътибор қаратилди.
Янги лойиҳавий ташаббусларни аниқлаш ва илгари суриш учун Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши механизмидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси