Самарқандда “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади
Июнь 02, 2026. 14:25 • 3 дақ
• 43САМАРҚАНД, 2 июнь. /“Дунё” АА/. Самарқанд шаҳрида 100 дан ортиқ давлат, халқаро ташкилотлар, ишбилармон доиралар ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштирган “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро экологик кўргазмаси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кенг кўламли тадбир “Silk Road Samarkand” мажмуасининг экспо марказида ўтказилмоқда. У “яшил” иқтисодиёт тамойилларини илгари суриш, экологик инновацияларни жорий этиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
2025 йили Тошкентда бўлиб ўтган биринчи “Eco Expo Central Asia” кўргазмаси Марказий Осиёда шу каби форматдаги энг йирик экологик тадбирга айланган эди. Бу йилги форумнинг географияси ва иштирокчилар қамрови сезиларли даражада кенгайди. Уни 10 мингга яқин хорижий ва маҳаллий иштирокчилар зиёрат қилиши кутилмоқда. Кўргазма майдонида экологик маҳсулотлар ва хизматларга оид 68 та, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларининг 20 та стартап лойиҳасига оид павилёнлар тақдим этилган.
Тадбир Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда “Business Congress Management” компанияси томонидан ташкил этилди. Иштирокчилар орасида Яшил ўсиш глобал институти, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби етакчи халқаро ташкилотлар бор.
Экологик технологиялар, барқарор энергетика, сув таъминоти, чиқиндиларни қайта ишлаш ва саноат экологияси соҳаларида фаолият юритувчи йирик хорижий ва маҳаллий компаниялар ўз ишланмалари ҳамда ечимларини намойиш этди.
Минтақавий экологик ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари иқлим ўзгаришига мослашиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича лойиҳаларини тақдим қилди. Намойиш этилган ташаббуслар халқаро инвестициялар ва донорлик ёрдамини жалб этишга мўлжалланган.
Кўргазма доирасида яшил энергетика, сув ресурсларини бошқариш, иқлимга мослашиш, чиқиндилар билан ишлаш ва барқарор ривожланиш масалаларига бағишланган форумлар, тақдимотлар ва эксперт муҳокамалари каби 50дан ортиқ мавзули тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик жамғарма билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Aral Sea Wetlands Project” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Барқарорлик ороллари: Амударёнинг қуйи оқими ва Орол денгизи ҳавзасида экотизим хизматларини сақлаб қолиш” мавзусидаги халқаро қўшимча тадбир биринчи куннинг марказий воқеаларидан бири бўлди.
Иштирокчилар Оролбўйи экотизимларини тиклаш, биохилма-хилликни асраш, сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, иқлимга чидамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва ер деградациясининг нейтрал мувозанатига эришиш масалаларини муҳокама қилди.
Тадбир давомида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қуйи Амударё ҳавзаси сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш режаси концепциясини имзолади. Ҳужжат сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишни ва минтақанинг экологик барқарорлигини мустаҳкамлашни назарда тутади.
Кўргазманинг яна бир муҳим воқеаси Глобал экологик жамғарма томонидан молиялаштирилаётган, Биохавфсизлик бўйича Картахена протоколига мувофиқ Ўзбекистонда миллий биохавфсизлик тизимини жорий этиш лойиҳасининг расман ишга туширилиши бўлди.
Махсус қўшимча тадбир чоғида халқаро экспертлар ва соҳа ташкилотлари вакиллари биохавфсизлик соҳасидаги миллий сиёсатни такомиллаштириш, идоралараро мувофиқлаштиришни кучайтириш, техник салоҳиятни ва хатарларни баҳолаш механизмларини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Учрашувлар доирасида миллий биохавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг биологик хилма-хилликни сақлаш соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришга қаратилган лойиҳани амалга оширишда ҳамкорликни ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлаш бўйича Ниятлар баёноти имзоланди.
“Eco Expo Central Asia 2026” кўргазмасининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро экологик кун тартибидаги ўрни юксалиб бораётганини тасдиқлайди ҳамда шерикликни кенгайтириш, “яшил” иқтисодиётга сармоялар жалб этиш, минтақавий ва глобал миқёсда замонавий экологик ечимларни илгари суришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









