Logo

Туркияда Алишер Навоий асарлари таржима қилинади

Апрель 06, 2026. 14:29 • 2 дақ

132
Туркияда Алишер Навоий асарлари таржима қилинади

ҲАТАЙ, 6 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистондаги Алишер Навоий халқаро жамоат фонди ҳамда Туркиянинг Ҳатай вилоятида жойлашган Мустафо Камол номидаги университет ўртасида маданий ва академик ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорлик протоколи имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Келишувга кўра, томонлар биргаликда халқаро симпозиумлар, илмий конференциялар ва анъанавий “Навоий кунлари” каби маърифий тадбирларни юқори савияда ташкил этишни режалаштирмоқда.

Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири – буюк мутафаккир Алишер Навоий асарларини турк тилига илмий асосда таржима қилиш ва уларни Туркия китобхонлари орасида кенг тарғиб этишдан иборат. Шу билан бирга, Темурийлар даври адабиёти бўйича илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинув дастурларини йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган.

Шунингдек ўқинг

Маданий алоқаларни ривожлантириш мақсадида Ҳатай ва Тошкент шаҳарларида мусиқий тадбирлар, бадиий кўргазмалар, театр намойишлари ва кино кунларини ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, Туркияда ўзбек адабиёти кунлари, Ўзбекистонда эса турк адабиёти кунларини ташкил этиш, ёш тадқиқотчилар учун онлайн тренинглар ва махсус ёзги мактаблар ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу ҳамкорлик нафақат икки муассаса ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди, балки ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги маънавий яқинликни янада кучайтиради. Шу билан бирга, Темурийлар даври маданиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш