“Axios”: Минтақавий воситачилар АҚШ ва Эрон ўртасида вақтинчалик тинчликка эришишга ҳаракат қилмоқда
Апрель 06, 2026. 14:34 • 2 дақ
• 67
ВАШИНГТОН–ТЕҲРОН, 6 апрель. / “Дунё” АА/. АҚШ, Эрон ва қатор минтақавий воситачилар урушнинг тугашига олиб келиши мумкин бўлган 45 кунлик эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш шартларини муҳокама қилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Axios” порталига таяниб.
Музокаралар жараёнидан хабардор бўлган америкалик, исроиллик ва бошқа минтақавий вакилларнинг сўзларига кўра, воситачилар икки босқичли келишув шартларини муҳокама қилган. Биринчи босқич 45 кунлик потенциал ўт очишни тўхтатиш бўлиб, бу урушни доимий равишда тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бориш имкониятини яратади.
Қайд этилишича, иккинчи босқич урушни тўхтатиш тўғрисидаги келишув бўлади. Ҳисоботда, музокаралар учун қўшимча вақт талаб этилса, ўт очишни тўхтатиш режими узайтирилиши мумкинлиги айтилган.
Воситачилар сифатида Покистон, Миср ва Туркия иштирок этмоқда. Музокаралар АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи ўртасидаги ёзишмалар орқали ҳам олиб борилмоқда.
Манбаларда хабар қилинишича, сўнгги кунларда АҚШ маъмурияти Эронга бир нечта таклиф юборган, бироқ Теҳрон ҳозирча уларнинг бирортасини қабул қилмаган.
АҚШ президенти Дональд Трамп якшанба куни “The Wall Street Journal” нашрига Эрон Ҳурмуз бўғозини очиши ёки муҳим инфратузилмага зарба бериши керак бўлган охирги муддат – 7 апрель, сешанба куни кечқурун, шарқий вақт билан соат 20:00да (Тошкент вақти билан 8 апрель, 05:00да) эканини айтди. Акс ҳолда, у айтганидек, мамлакатга “офат ёғдирилади”.
“Axios” суҳбатдошларининг фикрича, яқин 48 соат ичида келишувга эришиш имконияти кам, аммо бу можаронинг жиддий авж олишидан қочиш учун сўнгги уринишдир.
Уларнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эрон энергетика обьектларига оммавий зарбалар бериш режаси тайёр. Бунга жавобан, манбаларнинг таъкидлашича, Эрон Кўрфаз давлатларининг энергетика объектларига зарба бериши мумкин.
Нашрнинг қайд этишича, воситачилар АҚШ маъмурияти Эронга ўт очишни тўхтатиш вақтинчалик бўлмаслиги ва уруш қайта бошланмаслигига кафолат бериш учун қўйиши мумкин бўлган қадамлар устида ишламоқда.
“Эрон расмийлари воситачиларга Ғазо ёки Ливандаги каби вазиятга тушиб қолишни истамасликларини аниқ айтишди”, дея таъкидлаган “Axios” суҳбатдошлари.
“РИА Новости” сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси