Тошкентда Ҳиндистоннинг етакчи компанияси раҳбарияти билан янги энергетика қувватларини яратиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Май 21, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 109
ТОШКЕНТ, 21 май. /“Дунё” АА/. “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқарув раиси Ислом Абдураҳмонов Ҳиндистоннинг йирик кўптармоқли конгломерати – “Adani Group” компаниясининг халқаро энергетика бўйича бош ижрочи директори Амит Сингҳ билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир доирасида гидроэнергетика соҳаси давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида экани алоҳида таъкидланиб, янги қувватларни ишга тушириш долзарб вазифа этиб белгилангани қайд этилди.
Меҳмонларга “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг асосий фаолият йўналишлари ҳамда амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди. Хусусан, 2032 йилгача гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш дастурида белгиланган давлат-хусусий шерикчилик асосидаги истиқболли лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.
“Адани Груп” компаниясининг Ўзбекистон гидроэнергетика тармоғига бўлган қизиқиши доирасида мавжуд имкониятлари ва истиқболдаги режалари билан танишилди.
Ҳинд компанияси вакиллари томонидан Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвесторлар учун яратилган имкониятлар юқори баҳоланди.
Учрашув якунида томонлар янги қувватларни барпо қилиш бўйича ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




