Пекинда Ўзбекистон санъат усталари иштирокида гала-концерт ўтказилди
Ноябрь 03, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 89ПЕКИН, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Хитойдаги Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида Пекин шаҳридаги Миллий ижрочилик санъати марказида ўзбек санъат усталари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон Маданият вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Унда Хитой давлат идоралари, дипломатик корпус, оммавий ахборот воситалари ва ўзбек диаспораси вакиллари ҳамда маданият ва санъат намояндалари меҳмон сифатида қатнашди.
Концерт дастурида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри оркестри, халқ артисти Илёс Арабов, хизмат кўрсатган артист Маъсума Болтабоева ҳамда “Муножот” рақс ансамбли бадиий раҳбари, хореограф Феруза Азатова ўз маҳоратларини намойиш этдилар.
Томошабинлар эътиборига ўзбек мумтоз мусиқа асарлари, миллий куй-қўшиқлар ва рақслар ҳавола этилди. Намойиш этилган дастурларда Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, миллий санъатининг ўзига хослиги ва мамлакатнинг ижодий салоҳияти ўз ифодасини топди.
Тадбир доирасида “Янги Ўзбекистон” фотокўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Экспозициядан юртимизнинг тарихий обидалари, маданий мероси, миллий қадриятлари ва замонавий тараққиётини акс эттирувчи суратлар жой олди.
Мазкур гала-концерт ва кўргазма ўзбек маданиятини халқаро майдонда кенг тарғиб этишга хизмат қилиб, Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни, дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






