Элчихона томонидан “Таълим ишлари бўйича фахрий маслаҳатчиси” унвони топширилди
Декабрь 30, 2025. 14:32 • 2 дақ
• 73
СЕУЛ, 30 декабрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонаси томонидан “Edulink Global” компанияси раҳбари, Тошкентдаги “English Hunt” ҳамда Қаршидаги “Global Talent Center” ўқув марказлари асосчиси Хан Чунгримга “Таълим ишлари бўйича фахрий маслаҳатчиси” унвони топширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Хан Чунгримга ушбу мукофот Ўзбекистон таълим тизими ривожига қўшиб келаётган салмоқли ҳиссаси ва хайрия ишларидаги фаол иштироки учун берилди.
Элчихона дипломатлари Хан Чунгримнинг ушбу фахрий ва масъулиятли лавозимга тайинланиши Ўзбекистон ва Корея ўртасида таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, уни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади.
Унинг ташаббуси билан мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ва ота-оналар ўртасидаги ўзаро мулоқотни осонлаштириш мақсадида “S-Board” инновацион алоқа платформаси ишлаб чиқилган. Шунингдек, Хан Чунгрим давлат идоралари ходимлари учун инглиз тилини ўқитиш бўйича комплекс ўқув дастурларини тақдим этган. Жумладан, 2022 йилда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун инглиз тилини ўрганишга мўлжалланган 10 минг нусхада ўқув китоблари беғараз тақдим этилган.
2024 йилда Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган ёшлар марказларига 6 миллион вонга тенг бўлган планшетлар хайрия сифатида тақдим этилган.
Хан Чунгрим ўз навбатида мазкур масъулиятли лавозим ишониб топширилгани учун миннатдорлик билдирди. У Элчихона билан ҳамкорликда 2026 йилда ҳам фан ва таълим соҳаларида режалаштирилган тадбирларни самарали ташкил этиш, қатор янги лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси