Ўзбекистон ва Германия касбий таълим ва миграция соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Декабрь 23, 2025. 08:15 • 2 дақ
• 139ДРЕЗДЕН, 23 декабрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Саксония федерал ери пойтахти Дрезден шаҳрида бўлиб ўтган “bsw-Forum: Fachkräfte” халқаро форуми доирасида Ўзбекистон ва Германия ўртасида таълим ва меҳнат бозори соҳаларидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим келишувларга эришилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Саксония федерал ери бош вазири Михаэль Кречмер, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг маслаҳатчиси Жамил Максуди, икки мамлакатнинг йирик бизнес тузилмалари, таълим муассасалари ва саноат корхоналари вакиллари иштирок этди.
Саксония федерал ўлкаси бош вазири Михаэль Кречмер икки томонлама алоқаларни айнан кадрлар тайёрлаш йўналишида мустаҳкамлашнинг стратегик аҳамияти хусусида тўхталди. Бош вазирнинг таъкидлашича, халқаро миқёсда рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш – бугунги кунда Саксония иқтисодиётида кузатилаётган ишчи кучи етишмовчилигини ҳал этишнинг энг самарали йўлидир. Айни пайтда бу ўзбекистонлик ёшлар учун жозибали касб ва карьера имкониятларини тақдим этади. Федерал ўлка ҳукумати мутахассисларни тайёрлаш жараёнида молиявий қўллаб-қувватлашга ва Саноат ва савдо палатаси (IHK) орқали Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр.
Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатов мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда, хусусан, таълим ва меҳнат миграцияси йўналишида изчил ривожланаётганини қайд этди. Дипломат ўз нутқида дуал таълим тизимини жорий этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳаларнинг истиқболларига алоҳида урғу берди.
Форум давомида Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатимизда касбий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларни халқаро меҳнат бозори талабларига мос равишда тайёрлаш, таълим сифатини оширишда хусусий секторнинг роли ҳақида тақдимот ўтказилди.
Тадбирнинг энг муҳим натижаларидан бири сифатида Саксония иқтисодиёти таълим маркази (bsw) ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида “CORE” — “Имкониятлар, ислоҳотлар ва салоҳиятни ошириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 2026–2028 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳа Германия Федерал иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги кўмагида ҳаётга татбиқ этилади.
Лойиҳа доирасида қуйидаги йўналишларда, яъни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг институционал салоҳиятини ошириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, аёллар тадбиркорлигини рағбатлантириш, экспортбоп хизматлар ва рақамли ечимларни жорий этиш, дуал таълим асосида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш бўйича ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.
“bsw” ташкилоти раҳбарияти ушбу лойиҳанинг муваффақиятли бошланишида Ўзбекистон элчихонасининг фаол иштироки ва тизимли кўмагини юқори баҳолади.
Ташриф якунлари бўйича лойиҳани амалга ошириш юзасидан “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унда B2B форматидаги онлайн платформаларни ривожлантириш ва бизнес вакиллари учун янги имкониятлар яратиш масалалари белгилаб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Исломобод шаҳрида “Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмаси очилди
Миср билан АКТ соҳасидаги ҳамкорлик ривожлантирилади
Ўзбекистон ва Польша нуфузли компаниялари АКТ соҳасида ҳамкорлик ўрнатади
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди





