Logo

Мисрлик олим томонидан “Ўткан кунлар” романининг араб тилидаги таржимаси чоп этилди

Декабрь 30, 2025. 13:03 • 5 дақ

122
Мисрлик олим томонидан “Ўткан кунлар” романининг араб тилидаги таржимаси чоп этилди

 ҚОҲИРА, 30 декабрь. /“Дунё” АА/. “Дар ал-Маъариф” нашриётида адабиёт соҳасидаги кўзга кўринган мисрлик олим ва таржимон, профессор Муҳаммад Насриддин ал-Жабалийнинг ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романининг араб тилидаги таржимаси чоп этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу ҳақда Мисрдаги нуфузли ОАВдан бири ҳисобланган “Al-Masriy al-Yaum” АА томонидан эълон қилинган мақолада батафсил тўхталиб ўтилган.

Материалда таъкидланишича, фаолияти давомида ал-Жабалий қатор муҳим лавозимларда фаолият юритган. Жумладан, у Луксор университети Тиллар факультети декани, Айн-Шамс университети филология факультети Рус тили кафедраси мудири, Садат номидаги Маъмурий фанлар академияси ва МУСТ университетида Рус тили кафедраси мудири лавозимларида ишлаган. У Москвада Мисрнинг маданий маслаҳатчиси вазифасини бажарган ва айнан унинг у ердаги кўп йиллик тажрибаси Миср ва рус маданияти ўртасидаги адабий алоқаларни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаган.

Ал-Жабалийнинг таъкидлашича, “Ўткан кунлар” романи китобхоннинг Марказий Осиё тарихи ва халқлари маданияти ҳақидаги билимини бойитади. Асар бошида муаллиф ўқувчига қисқа муқаддима билан мурожаат қилиб, бу китобни “Тоҳир”, “Бурҳақ Арслон”, “Чор одалиски”, “Қора маржон”, “Ўзар олами” каби аввалги асарларида бошлаган ишларини давом эттириб, қоронғу даврни ёритиш иштиёқида ёзганини айтади. У “Ўткан кунлар”ни ўтмишга қайтиш орқали билим эшигини очиш учун кичик, аммо зарур уриниш, деб ҳисоблайди. Асарни қисқа носталгия сифатида эмас, балки бугунни англаш учун тарихда рўй берган хатоларни тузатиш йўли сифатида қараш лозимлиги уқтирилади.

Мақолада айтилишича, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи Марказий Осиё адабиёти тарихида биринчи ўзбек реалистик романи бўлгани учун эмас, балки қадимги халқнинг тарихий бурилиш нуқтасида унинг коллектив хотирасини қайта тикловчи инсоний ва тарихий ҳужжат бўлгани учун ҳам муҳимдир. Ушбу танқидий талқиннинг алоҳида аҳамиятини профессор Муҳаммад Наср ад-Дин ал-Жабалий томонидан амалга оширилган батафсил арабча таржима очиб берган. У матнни фақат таржима орқали етказиш билан чекланмаган, балки сатрлар орасига яширинган тафсилотларга онгли равишда кириб борган. У араб ва ўзбек маданиятлари ўртасидаги тафовутни бартараф этувчи фундаментал асарни тақдим этиб, араб ўқувчисига ушбу романнинг моҳиятини кашф этиш имконини берди. Таржима тўғридан-тўғри семантик функция доирасидан чиқиб, цивилизацион воситачилик даражасига кўтарилган. Таржимон асл матн руҳи ва унинг маданий кодларини сақлаб қолган.

Бу асар таҳлилига мурожаат қилиш, аввало, миллат кўзгуси деб ном олган муаллиф – Абдулла Қодирий (1894–1938) шахсиятига тўхталишни тақозо этади.

Қодирий Тошкентда бадавлат оилада вояга етган, бу эса унга жамиятнинг турли қатламлари – савдогардан тортиб ҳунармандларгача, камбағалдан тортиб зодагонларгача мулоқот қилиш имконини берган. Бу хилма-хил ижтимоий формация, XX аср бошларидаги мураккаб сиёсий ўзгаришларни (Чор ҳокимияти ва Большевиклар инқилоби) эрта англаш билан биргаликда, романнинг тузилишида бевосита акс этди. Қодирий тарихни алоҳида шахс – Отабек ва унинг севгилиси Кумуш фожиаси орқали қайта жонлантирган. Сўнгги хонлар даврида Туркистон бошидан кечирган ижтимоий қолоқлик ва сиёсий истибдод илдизларини тасвирлашга ҳаракат қилган.

Романдаги матн тузилиши бахтли иллюзияларга ўрин қолдирмайди: ҳар бир тафсилот – “Тошкент устига ёпирилган қонли булутлар”лардан тортиб, “Марғилоннинг ёмон об-ҳавоси”гача бу индивидуал муҳаббатнинг беқарор ижтимоий ва сиёсий воқелик қоясига урилиб парчаланишини кутаётганини тасдиқловчи семиотик белги вазифасини бажаради.

Асардаги маконнинг ролини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Экологик семиотика контекстида романдаги макон оддий географик декорациядан тўлақонли семиотик актантга айланади. Тошкент қамали ва Марғилондаги савдо-сотиқ шунчаки икки шаҳар эмас, балки рамзий қарама-қаршиликдаги икки қутбдир. Тошкентдаги “Хон саройи” шафқатсиз ҳокимиятнинг рамзий тимсоли сифатида намоён бўлиб, у ерда кесилган бошлар осиб қўйилади ва фитналар тўқилади. Бу ёпиқ ва бўғиқ макон, таржимон таъкидлаганидек, ҳукмрон элитанинг маънавий қашшоқлик даражасини акс эттиради.

Бунга қарама-қарши ўлароқ, Отабек ва Кумуш учрашадиган Марғилондаги уй ташқи дунё зулмидан қутулишга уринаётган хаёлий макон сифатида намоён бўлади. Бироқ воқеа-ҳодисаларнинг маъно-мазмунини яратишда, шаклланишида табиий муҳитнинг ўзи ҳам иштирок этади: қаҳратон совуқ, суяк-суяккача кириб борувчи шамол, карвонсаройдаги тунги қоронғилик – буларнинг барчаси Отабек қаҳрамон бошидан кечираётган бегоналик, ёлғизлик ҳолатини акс эттирувчи маънолар бўлиб, муҳаббат туғиладиган муҳитнинг аслида душманлик эканидан дарак беради.

Романдаги диалоглар лингвистик семиотика даражасида қатъий ижтимоий кодларни очиб беради. Уларни Отабекнинг отаси Юсуфбек ҳожи ёки Қутидор билан мулоқотида кузатиш мумкин. Бу ерда ҳурмат ва бўйсуниш меъёрлари устунлик қилади (“мен сизнинг қулингизман”, “менинг хўжайиним”). Бу эса патриархал тизимнинг дискурсдаги ҳукмронлигини акс эттиради ва Абдураҳмон Жомийнинг “Етти тахт” туркумидаги шоҳ асарларидан бири “Саламон ва Абсол” маснавийсидаги Саломоннинг отаси билан муносабатини эслатади. Шу билан бирга, Отабек ва Кумуш ўртасидаги қарашлар ва сукутлар тили (“ухлаётган кишининг ғўлдираши”, “қора кўзлар”, “ярим ойдек қошлар”) расмий тил деворини ёриб ўтишга интилаётган эзилган истак тилидир. Таржимон, доктор ал-Жабалий, исмлар ва маданий атамаларнинг (масалан, “бек”, “ойим”, “адрас” каби) аниқлигини сақлаб қолган ҳолда ушбу тил тебранишларини етказишга муваффақ бўлган. Шу билан воқелик таъсирини кучайтирган ва араб ўқувчисига ўзбек маданий тизимига шўнғиш имконини берган.

Бу асарни психологик ўқиш учун идрок уфқини очади. Психоаналитик Жак Лакан қарашларига мурожаат қиладиган бўлсак, Отабек образи ва унинг конфликти “хаёлий–рамзий–реал” учлиги орқали талқин этилиши мумкин. Отабекнинг Кумушга бўлган муҳаббати “хаёлийлик” босқичи бўлиб, унда у ўз “мен”ининг тугалланишини ва унинг идеал образини (“сен унга тенг ва баробарсан”) кўради. Бироқ бу муҳаббат анъанавий никоҳнинг зарурлиги, ота-онага итоаткорлик ва хон ҳокимиятига бўйсунишда ифодаланган “рамзий” - “ота қонуни” ва жамият билан тўқнашади.

Отабекнинг фожиаси шундаки, у Зайнаб (иккинчи хотини) томонидан ижтимоий воқелик сифатида ўрнатилган “рамзий тартиб” билан келиша олмайди, Кумуш эса имконсиз истак бўлиб қолади.

Абдулла Қодирий асарнинг барча унсурларини – муҳитдан тортиб тилгача ўзининг асосий ғоясига хизмат қилдиришга муваффақ бўлган: парчаланиб бораётган ва адолатдан маҳрум бўлган жамиятда индивидуал бахтнинг мумкин эмаслиги. Таржимон Муҳаммад Насриддин ал-Жабалийнинг хизмати шундаки, у бу “зич қурилган” матнни ифодали араб тилида тақдим этиб, ўзбек дардининг “поэтикаси”ни сақлаб қолган ва ўқувчини бугунги кун ва ўтмиш акс этган тарих кўзгуси олдига қўйган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Zebo Meliyeva

zebo@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш