Logo

Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида 400 миллион долларлик келишувлар имзоланди

Апрель 09, 2026. 11:41 • 2 дақ

186
Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида 400 миллион долларлик келишувлар имзоланди

КОБУЛ, 9 апрель. /“Дунё” АА/. Афғонистоннинг нуфузли “Ariananews” телеканалида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ва инвестиция форуми доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Фарғона вилоятида икки давлат ўртасида юқори даражадаги бизнес форум бўлиб ўтган. Учрашувлар давомида умумий қиймати 400 миллион доллардан ортиқ, 20 та савдо шартномаси имзоланган. Бу келишув Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Афғонистон савдо делегациясининг расмий ташрифи доирасида ўтган учрашувларда икки давлат хусусий сектор вакиллари турли савдо ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган. Имзоланган шартномалар тўқимачилик, хомашё, фармацевтика ва бошқа муҳим саноат соҳаларини қамраб олган.

Телеканал таъкидлашича, Афғонистон делегациясига мамлакат Савдо-саноат палатаси раҳбарининг инвестициялар бўйича ўринбосари Залгай Азимий бошчилик қилган. Делегация таркибига Абдуллоҳ Раҳимий, Сайид Аҳмад Нурзад, Убайдуллоҳ Ҳотак ва Мирзаман Попал каби таниқли бизнес вакиллари ҳам кирган.

Музокаралар давомида иштирокчилар чегаралараро савдони ривожлантириш ва узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини айтилган.

Шунингдек ўқинг

Ташриф давомида афғон делегацияси аъзолари Фарғона вилоятидаги йирик саноат корхоналарига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан танишдилар ҳамда келгусидаги ҳамкорлик имкониятларини ўрганган.

“Бу келишувлар Афғонистон учун жуда муҳим бир пайтда амалга оширилди. Чунки мамлакат узоқ йиллик можаролар ва иқтисодий қийинчиликлардан кейин иқтисодиётини тиклашга ҳаракат қилмоқда”, дея қайд этилган материалда.

Марказий Осиёда Ўзбекистон Афғонистоннинг муҳим иқтисодий шерикларидан бирига айланиб бормоқда. Икки давлат транспорт, энергетика ва чегаралараро савдони ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистонни минтақавий савдо йўлакларига улашга қаратилган инфратузилма лойиҳаларини ҳам қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Таҳлилчилар фикрига кўра, бундай йирик келишувлар янги иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини ошириш ва Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий тизимга босқичма-босқич интеграциялашувига хизмат қилади.

Умуман олганда, мазкур келишувлар икки давлат ўртасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади. Томонлар географик яқинликдан самарали фойдаланиб, уни кучли иқтисодий ҳамкорликка айлантиришга интилаётгани таъкидланмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш