Ўзбекистон ва БАА энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ноябрь 26, 2026. 20:30 • 2 дақ

• 56
Ўзбекистон ва БАА энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

РАС-АЛ-ХАЙМА, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонаси дипломатлари  Рас-ал-Хайма амирлигида бўлиб ўтган “RAK Energy Summit 2026” халқаро энергетика саммитида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учинчи бор ташкил этилган мазкур саммит энергетика тармоғининг барқарор ривожланишини таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган нуфузли минтақавий майдонлардан бири ҳисобланади.

Бу йилги саммит “Келажакнинг барқарор энергетика мақсадларини шакллантириш ва уларга эришишга кўмаклашиш” шиори остида ўтиб, 2 мингдан зиёд иштирокчи, 60 дан ортиқ маърузачи ҳамда илғор технологик ечимларни тақдим этган 75 га яқин компанияни бирлаштирди.

Тадбирда Рас-ал-Хайма амирлиги ҳукмдори Шайх Сауд бин Сақр Ал-Қосимий, БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Ал-Мазруий, Қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича халқаро агентлик (IRENA) бош директори Франческо Ла Камера, шунингдек, давлат идоралари, халқаро ташкилотлар ва етакчи компаниялар вакиллари қатнашди.

Шунингдек ўқинг

Саммит давомида глобал энергетика ўтишини жадаллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш, энергетика соҳасига инвестициялар жалб қилиш ва углерод нейтраллигига эришиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида халқаро конференциялар, мунозаралар, G2B ва B2B шаклларидаги ишбилармонлик учрашувлари, шунингдек, энергетика ва саноат соҳасидаги инновацион технологиялар кўргазмаси ташкил этилди.

Саммит доирасида БААнинг қатор етакчи саноат ва инвестиция компаниялари билан музокаралар ўтказилиб, уларда Ўзбекистоннинг экспорт, саноат ва инвестициявий салоҳияти тақдим этилди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мис сим ва мис қувурларни БАА бозорига етказиб бериш имкониятларини ўрганиш, Фарғона вилоятида санитария-керамика буюмлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, Янги Тошкент ҳудудида кўчмас мулк соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш