Logo

Немис матбуоти: Япония ва Марказий Осиё стратегик шерикликнинг янги босқичини бошламоқда

Декабрь 29, 2025. 11:35 • 2 дақ

84
Немис матбуоти: Япония ва Марказий Осиё стратегик шерикликнинг янги босқичини бошламоқда

БЕРЛИН, 29 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга амалга оширган расмий ташрифи муносабати билан Германиянинг “Hauptstadtecho” нашрида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада жорий йилнинг 19–20 декабрь кунлари Токиода бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Япония” биринчи саммити мавзусида сўз юритилган. Ушбу юқори даражадаги саммит нафақат дипломатик учрашув, балки дунёнинг етакчи, иқтисодий жиҳатдан салоҳиятли бўлган давлатларидан бири ҳисобланган Япониянинг минтақа билан стратегик ҳамкорликка қизиқиши ортиб бораётгани талқин қилинади.

Немис журналисти Фолкер Неф муносабатлардаги янги динамикани бевосита Ўзбекистон Президентининг конструктив ташқи сиёсати билан боғлайди. Қайд этилишича, айнан Ўзбекистон етакчисининг ташаббуслари туфайли Марказий Осиё бугун халқаро майдонда яхлит ва мустақил сиёсий-иқтисодий минтақа сифатида намоён бўлмоқда. Бу эса Япония каби йирик ҳамкорлар учун минтақанинг жозибадорлигини янада оширади.

Мақолада Япониянинг минтақадаги обрўси ишончли ва холис ҳамкор сифатида таърифланади. Муаллифга кўра, Токио билан ўзаро ҳурмат ва тенгликка асосланган ҳамкорлик Марказий Осиё давлатларининг суверен тараққиётига хизмат қилади.

Япониянинг Расмий тараққиёт ёрдами ташкилоти, нафақат инфратузилмавий ва молиявий кўмак, балки энг муҳим соҳа — инсон капиталига сармоя киритмоқда. Мингга яқин Марказий Осиёлик ёш мутахассисларнинг ушбу мамлакатда таҳсил олиши ва инновацион бошқарув тажрибасини ўзлаштириши минтақадаги иқтисодий ислоҳотлар учун драйвер бўлиб хизмат қилмоқда.

“Марказий Осиё + Япония” биринчи саммити стратегик ҳамкорликнинг янги бобини очиш учун барча зарур шарт-шароитларни яратди. Бугун минтақа ўзини халқаро сиёсатда ишончли ва мустақил иштирокчи сифатида намоён этмоқда – Марказий Осиё тенг ҳуқуқли ҳамкорликка очиқ ҳамда кунчиқар мамлакат билан биргаликда ривожланишнинг янги уфқларини очишга тайёрлигини кўрсатмоқда”, дея хулоса қилинган немис нашрида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш